17:17 / 14.12.2022
1 597

Шольц: Путин Ғарб бирлигига етарлича баҳо бермади ва хато қилди

Шольц: Путин Ғарб бирлигига етарлича баҳо бермади ва хато қилди
Фото: РИА Новости
Россия президенти режаларининг ҳеч бири иш бермади ва унинг ўзи халқаро изоляцияга тушиб қолди. Бу ҳақда Германия канцлери Бундестагда 2022 йилда бўлиб ўтадиган ЕИнинг сўнгги саммити олдидан маълум қилди.

Россия президенти Владимир Путин Европа давлатлари тузилишига «нотўғри баҳо бериб», Европа ва Ғарбнинг бундай бирдамлигини кутмаганди. Бу ҳақда Германия канцлери Олаф Шольц маълум қилди. Россия раҳбарияти «газ жўмрагини ўчириш» орқали Европа бирдамлигини бўға олмади, деди Германия ҳукумати раҳбари 14 декабрь, чоршанба куни Европа Иттифоқи саммити олдидан Бундестагда ҳукумат баёноти билан чиқишида.

«Путиннинг ҳеч бир режаси иш бермади», - дея таъкидлади у Украинани оммавий қўллаб-қувватлаш ва қурол-яроғ билан таъминлашга ишора қилиб. Шольцнинг сўзларига кўра, Германиянинг Gepard зенит танклари «кўплаб рус ракеталари уриб туширилишига жуда самарали ҳисса қўшяпти».

Россиянинг Украинага бостириб кириши муваффақиятли бўлмайди, Путиннинг «украинлар жасорати, Европа, биз ҳақимизда, демократиямиз табиати, қудратли давлат ва империализмга қарши туриш истагимиз ҳақида»ги режалари нотўғри бўлган», деди Германия канцлери. Шольц Украинани ҳар қандай йўл билан «айнан керак бўлганда» қўллаб-қувватлашга ваъда берди. У, шунингдек, Россияга қарши санкциялар «Путин ўзининг шафқатсиз ҳарбий тажовузкорлигини давом эттирар экан, сақланиб қолиши ва янада кучайтирилишини» таъкидлади.

Германия канцлери Москвани «уруш олиб боришнинг жирканч усулларида» айблаб, фуқаролик инфратузилмасига, хусусан, электр ва сув таъминоти объектларига мақсадли ҳужумлар уюштирилганига ишора қилди. У Москвага, Владимир Путинга «ўзининг чидаб бўлмас буюк давлат манияси» билан яккаланиб қолгани ҳақида сигналлар етиб борганига умид билдирди. Хусусан, бу Индонезиядаги G20 йиғилишида яққол кўзга ташланди, дея қўшимча қилди Германия ҳукумати раҳбари.

Шольц, шунингдек, бирмунча вақт Украинага 18 миллиард евролик янги ёрдам пакети бўйича қарор қабул қилинишига тўсқинлик қилган Венгрия позициясини ҳам билвосита танқид қилди. «Кимки Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсатида ҳаракат қилиш қобилиятини хавф остига қўйиб, унинг барча аъзолари ўз зиммасига олган ЕИнинг асосий қадриятларига беписандлик билан қарайман деб ўйлаган бўлса, у муваффақиятсизликка учрайди», деди у.

Шу билан бирга, Шольц халқаро ҳамжамият олдида турган асосий муаммолар - иқлимни муҳофаза қилиш, пандемия, биологик хилма-хиллик ва рақамлаштириш муаммолари бўйича кенг глобал ҳамкорлик зарурлигини эълон қилди. «Ҳамма нарса АҚШ ва Хитой атрофида айланадиган биполяр давр ғояси ҳақиқатга тўғри келмайди», деди у. Шольцнинг фикрича, XXI аср дунёси кўп қутблидир.

Гап Осиё, Африка, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси давлатлари билан яқин ҳамкорлик ҳақида бормоқда, деди у. Хусусан, Германия канцлерининг фикрича, ЕИ стратегияси муҳим элементи Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси (АСЕАН) билан ҳамкорликдир. Унинг таъкидлашича, ушбу ташкилотнинг 10 та давлатида жами 670 миллион киши, Европа Иттифоқида эса 450 миллион киши истиқомат қилади.

14 декабрь куни Брюсселда илк бор АСЕАН давлатлари раҳбарлари билан саммит бўлиб ўтади. Эртаси куни Европа Иттифоқининг 2022 йилдаги сўнгги саммити ўтказилади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг