16:44 / 21.12.2022
1 081

АҚШ Украинага Patriot тизимларини етказиб бериш режасини тасдиқлади

АҚШ Украинага Patriot тизимларини етказиб бериш режасини тасдиқлади
Фото: thedefensepost
АҚШ маъмурияти Украинага Patriot зенит/ракета ҳаво ҳужумидан/ракеталар ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш ниятини расман тасдиқлади.

«21 декабрь куни президент Жо Байден Украинага деярли 2 миллиард долларлик янги йирик ёрдам пакетини эълон қилади, у Украина халқини Россиянинг муҳим инфратузилмага ваҳший ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун муҳим бўлган Patriot ракета батареясини ўз ичига олади», дея маълум қилди Оқ уй расмийси.

Унинг сўзларига кўра, кадрлар тайёрлаш АҚШда ҳам, Украинада ҳам амалга оширилмайди ҳамда «бунинг учун бироз вақт керак бўлади». Расмий АҚШ Украинага ҳаво мудофаасини қўллаб-қувватлашнинг бошқа шаклларига, жумладан, NASAMS, HAWK, Stingers ва учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумига қарши ускуналар етказиб беришга устувор аҳамият қаратиши ҳақида айтиб ўтди.

Битта Patriot батареясида саккизтагача учириш мосламаси мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири тўртта ракетани олиб ўта олади. Тизимда радар, бошқарув станцияси, компьютерлар, генераторлар мавжуд.

Батареяни ишлатиш ва техник хизмат кўрсатиш одатда 90 кишини талаб қилади. Шу билан бирга, учта ҳарбий хизматчининг ўзи ракеталарни учириш билан шуғуллана олади.

Бундан олдин Қўшма Штатлар Украинага 1,8 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилиши, бу пакетга биринчи марта Patriot зенит-ракета комплексларининг батареяси кириши хабар берилганди.

21 декабрда эълон қилиниши кутилаётган пакет Пентагон захираларидаги қарийб 1 миллиард долларлик қурол-яроғ ва яна 800 миллион долларлик Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси маблағларини ўз ичига олади.

Patriot тизими Ғарб Украинага Россия ҳаво ҳужумларини қайтариш учун тақдим этган энг илғор зенит-ракета тизими бўлади, дея қайд этади AP. Украина ҳарбийларини янги тизимларга ўргатиш бир неча ҳафта давом этиши мумкин ва Германиядаги Графенвёр полигонида ўтказилиши кутилмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг