11:46 / 26.12.2022
1 304

Путин Ғарбни «Россияни парчалаб ташлашга» уринишда айблади

Путин Ғарбни «Россияни парчалаб ташлашга» уринишда айблади
Владимир Путин / Фото: Scanpix
Путиннинг таъкидлашича, Украинадаги можаронинг замирида Ғарб давлатларининг «тарихий Россияни парчалаш» истаги ётади. Шу билан бирга, у Ғарб билан можаронинг «мақбул натижалари» бўйича музокаралар олиб боришга тайёрлигини маълум қилди.

Владимир Путин Украина бўйича можаронинг замирида Ғарбнинг «тарихий Россияни парчалаб ташлаш» истаги ётишини яна бир бор таъкидлади. «Бўлинг ва ҳукмронлик қилинг. Улар ҳар доим шундай қилишга ҳаракат қилишган, ҳозир ҳам ҳаракат қилмоқдалар. Бизнинг мақсадимиз бошқа - рус халқини бирлаштириш», деди Россия президенти журналист Павел Зарубин билан 25 декабрь, якшанба куни эфирга узатилган «Москва. Кремль. Путин» дастурида.

Россия президенти журналистнинг Россия Ғарб давлатлари билан муносабатларида «хавфли чизиқ»га яқинлашаётгани ҳақидаги сўзларига қўшилмади. «Менимча, бу унчалик хавфли эмас, менимча, биз тўғри йўналишда ҳаракат қиляпмиз, биз ўз миллий манфаатларимиз, фуқароларимиз, халқимиз манфаатларини ҳимоя қилмоқдамиз. Бизнинг фуқароларимизни ҳимоя қилишдан бошқа иложимиз йўқ», деди Путин.

Россия президенти Зарубиннинг яна бир саволига жавоб берар экан, Россия Украина билан муносабатларда ўзи Ғарб каби «ўта мураккаб» тута олмаслигини айтди. Путиннинг сўзларига кўра, русларнинг «фалсафаси, ҳаётга ва одамларга муносабати бошқача».

Ўша интервьюда Путин можарони ҳал қилиш бўйича Ғарб дунёси билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини маълум қилган. «Биз ушбу жараённинг барча иштирокчилари билан мақбул натижалар бўйича музокаралар олиб боришга тайёрмиз, аммо бу уларнинг иши - музокараларни биз эмас, балки улар рад этишади», - деди Россия раҳбари.

22 декабрь куни Путин Давлат кенгаши йиғилишидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Украинада содир бўлаётган воқеаларга нисбатан биринчи марта «уруш» сўзини ишлатди. АҚШ Давлат департаменти бунга муносабат билдирган ҳолда, Россия президентига «воқеликни тан олишнинг навбатдаги қадами сифатида» ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва Украинадан қўшинларни олиб чиқишни таклиф қилди.

Киев Россия президентининг сўнгги баёнотларига муносабат билдирди. Зеленский идораси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк таъкидлаганидек: «Путин реалликка қайтиши керак:
1. Россия якка ўзи Украинага ҳужум қилди ва (унинг) фуқароларини ўлдирмоқда. Бошқа «мамлакатлар, мотивлар, геосиёсат» йўқ.
2. Россия музокараларни истамаяпти, балки жавобгарликдан қочишга ҳаракат қилмоқда. Бу аниқ, шунинг учун биз трибуналга қараб ҳаракатланяпмиз».

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг