12:30 / 28.12.2022
1 357

АҚШ ва Канадада кучли қор бўронлари. Қурбонлар сони ортмоқда

АҚШ ва Канадада кучли қор бўронлари. Қурбонлар сони ортмоқда
Фото: EPA
Ўзи билан қаттиқ совуқ ва кучли ёғингарчилик олиб келган даҳшатли қиш бўрони АҚШнинг 250 миллионга яқин инсон (мамлакат аҳолисининг деярли учдан икки қисми) истиқомат қиладиган катта қисмини қамраб олди.

АҚШнинг 12 штатида экстремал об-ҳаво ҳақида огоҳлантиришлар амал қилмоқда.

АҚШ Миллий об-ҳаво хизматининг таъкидлашича, бундай кенг кўламли совуқ оқим кузатувлар тарихида биринчи марта юз бермоқда: деярли бутун мамлакат ҳудуди қишки бўрон остида қолган.

Қор бўрони шимолда Канададан жанубда Рио Гранде дарёсига қадар бўлган ҳудудни қамраб олган. АҚШ ва Канададаги аномал об-ҳаво шароити оқибатида камида 62 нафар инсон ҳалок бўлди.

Бўрон бир неча кун давом этган тартибсизликларга сабаб бўлди, аммо ҳозирда электр энергияси таъминоти аста-секин тикланмоқда.

Associated Press нашри хабарига беришича, 18 декабрь куни тушдан кейин 200 мингдан камроқ истеъмолчи электрсиз қолган, бу сон бўрон авжига чиққан пайтда 1,7 миллиондан кўпроқни ташкил қилган.

Синоптикларнинг сўзларига кўра, қор бўрони («циклон бомбаси» ёки портловчи циклон деб ҳам аталади) яқин кунларда сусайиши кутилмоқда. Бироқ бўрон остида қолган ҳудудлар аҳолисига, агар зарурат бўлмаса, сафарларга чиқмаслик тавсия этилган.

Энг трагедик вазият Нью-Йорк штати, хусусан, Буффало шаҳрида кузатилган. Кўплаб қор бўрони қурбонлари айнан шу шаҳардан.

Штат губернатори Кети Хокулнинг сўзларига кўра, Буффало шаҳри жанговар ҳаракатлар зонасига ўхшаб қолган.

Буффалода об-ҳаво билан боғлиқ 28-ўлим қайд этилди. Бу АҚШдаги иқлим билан боғлиқ ўлимларнинг тенг ярми. Шаҳардаги 4 минг аҳоли электр энергиясиз қолган. Ҳозирча нега айнан бу шаҳар циклонга кам тайёргарлик кўргани номаълум.

«Бу она табиат билан уруш ва у бор қуроллари билан бизга ҳужум қилмоқда», дейди штат губернатори.

Ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги йўл-транспорт ҳодисаси қурбонлари. Кескин об-ҳаво шароити туфайли йўллардаги вазият анча мураккаблашган.

Кети Хокулнинг таъкидлашича, Буффало аҳолиси ҳаёт учун хавфли вазиятга дуч келган, чунки кўплаб тез ёрдам машиналари энг кўп ариза тушган ҳудудларга етиб бора олмаган ёки ўзлари қор остида қолиб кетган.

АҚШ президенти Жо Байден 26 декабрь куни Нью-Йорк штатига федерал ёрдам кўрсатишга рухсат берувчи фавқулодда ҳолатни тасдиқлади.

«Менинг юрагим ушбу дам олиш кунларида яқинларини йўқотганлар билан», деб ёзган АҚШ президенти ўз Twitter саҳифасига.

Дам олиш кунлари гарчи кейинчалик мунтазам таъминот тикланган бўлса-да, 250 мингга яқин уй ва корхоналар электр таъминотида узилишлар кузатилган.

Ушбу кучли бўрон билан боғлиқ ўлимлар Вермонт, Оҳаё, Миссури, Висконсин, Канзас ва Колорадо штатларида ҳам қайд этилган. Жанубий Флоридада ҳаво ҳарорати шунчалик пасайиб кетганки, игуаналар музлаб қолиб, дарахтлардан қулаб тушган.

Энг қуйи ҳаво ҳарорати АҚШнинг ғарбий қисмидаги Монтана штатида қайд этилган, бу ерда ҳарорат -45 даражагача тушиб кетган.

Канаданинг Онтарио ва Квебек провинциялари қаҳратон об-ҳаводан кўпроқ зарар кўрган. Бу ердаги қаттиқ совуқ юз минглаб одамлар яшайдиган уйларда электр таъминоти узилишига олиб келган.

Канаданинг катта қисмида — Британия Колумбиясидан Нюфаундлендгача бўлган ҳудудларда қаттиқ совуқ ҳукм сурмоқда. Аҳоли об-ҳаво янада ёмонлашишидан огоҳлантириляпти.

CBS нашри мухбири Ванкувер шаҳридаги вазиятни шундай тасвирлайди: «Бизда қор ёғди, муз парчали ёмғир ёғди, бутун регион бўйлаб дўл ёғди. Аҳоли ҳаракатланиши жуда қийин, кўплаб автобус йўналишлари хизмат кўрсатишни тўхтатди, кўприклар ёпиқ, метро ҳам энди секинроқ ишлаяпти. Кўплаб автомобиль эгаларида қишки шиналар йўқ».

Унинг сўзларига кўра, узоқ ва мўл ёғингарчилик сабабли илиқ ҳаво келиши билан сув тошқини юз бериши хавфи мавжуд.

Пенсилвания штатида ҳам кучли қор ёғиши кутилмоқда.

Сиэтл ва Портлендда аҳоли шаҳар кўчаларини қоплаган муз устида коньки учяпти.

Айни пайтда, қирғоқбўйи ҳудудлари — Нью-Энгланд, Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатларида қирғоқ чизиғини сув босиши кузатилмоқда.

Ҳатто узоқ жанубий штатлар: Луизиана, Алабама, Флорида ва Жоржия аҳолиси ҳам ҳарорат сезиларли даражада пасайиши ҳақида огоҳлантириш олган.

Жанубий Дакотадаги тубжой Америка қабилалари (ҳиндулар) ёқилғи тугагач, исиниш учун кийимларини ёқишга мажбур бўлган.

Оҳаё штатида бирваракайига элликта машина тўқнашиб кетган ва тўрт мотоциклчи ушбу йирик автоҳалокат қурбони бўлган.

FlightAware маълумотларига кўра, 23 декабрь куни АҚШда 6 мингга яқин рейс бекор қилинган. Шунингдек, 24 декабрь кунги 1200 рейс ҳам қолдирилган.

Бу ҳафта бошида эса жами 8 мингга яқин рейс бекор қилинган.

23 декабрь куни совуқ об-ҳаво мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисмига кириб келди ва кейинроқ шарққа кўчди. Синоптиклар огоҳлантирганидек, 16 декабрь куни қор бўрони портловчи циклонга айланди. Портловчи циклон — бу ўрта кенгликда кузатилувчи табиий ҳодиса бўлиб, кун давомида циклон кескин кучайганда, атмосфера босими тезда пасаяди.

«Агар эҳтиёт чоралари кўрилмаса, бундай кучли совуқ шамол (бундай ҳароратда) беш дақиқадан камроқ вақт ичида музлатиб қўйиши мумкин, узоқ вақт таъсир қилиш билан эса гипотермия ва ўлимга ҳам сабаб бўлади», — дейилади метеорологлар огоҳлантиришида.

Метеорологларнинг таъкидлашича, бундай об-ҳаво АҚШда бир неча ўн йилда бир марта кузатилади, аммо ҳозирги циклон кучлилиги сабаб мисли кўрилмаган деб аталмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг