
Фото: president.gov.ua
Украина президенти Владимир Зеленский «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунни имзолади, у Украинадаги медиа-ресурслар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини, шунингдек, ушбу соҳада давлат бошқаруви, тартибга солиш ва назорат қилиш асосларини белгилайди.
Ҳужжат Украина оммавий ахборот воситалари фаолиятини ягона тартибга солувчи органга айланадиган Телевидение ва радиоэшиттириш миллий кенгашининг ваколатларини кенгайтиради.
Қонуннинг бир қатор нормалари ахборотни чеклашга қаратилган. Масалан, Россия ташвиқотини, украин тилини обрўсизлантирадиган, Украинадаги 1917-1991 йиллардаги коммунистик тоталитар тузумнинг «жиноят характерини» инкор этувчи ёки оқлайдиган, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни тарғиб қилувчи маълумотларни тарқатиш тақиқланади.
«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун 2020 йилда Украина парламентига киритилган эди. Аммо биринчи ўқишда у фақат 2022 йил августида маъқулланган ва 13 декабрда мазкур ҳужжат иккинчи ўқишда қўллаб-қувватланди.
Украина Оммавий ахборот институти (ОАИ) қонунни танқид қилиб, Миллий кенгаш ҳокимиятга жуда боғлиқлигини таъкидлади. Регулятор аъзоларининг ярмини президент, қолганини Олий Рада тайинлайди.
РБК-Украина ёзганидек, қонун Украинанинг Европа Иттифоқига номзоди билан боғлиқ мажбуриятларни бажаришдаги учинчи ва охирги қадам бўлди. Аввалроқ парламент озчиликлар тўғрисидаги қонунни қабул қилиб, Конституциявий суд судьяларини танлов асосида танлашни маъқуллаган эди.
Ҳужжат амалдаги қонунчиликка мувофиқ алоҳида мақомга эга бўлмаган онлайн оммавий ахборот воситаларини тартибга солади. Шундай қилиб, қонунчиликда ўз веб-сайтларида мунтазам равишда маълумот тарқатадиган онлайн-ресурслар оммавий ахборот воситалари ҳисобланади, деган таъриф пайдо бўлди. Аммо бу қоида аудиовизуал деб таснифланган оммавий ахборот воситаларига татбиқ этилмайди. Биринчи нашрларда депутатлар ижтимоий тармоқларда саҳифаси бўлган ҳар бир кишини онлайн ОАВ деб аташни таклиф қилишган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар