
Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков, пойтахт Москвада Озарбайжон нодавлат ташкилотларининг (ННТ) Лочин коридоридаги намойиши билан боғлиқ журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Песков Россиянинг томонлар ўртасида воситачилик қилиш ҳаракатларини давом эттиришини қайд этди.
“Россия президенти Владимир Путин Арманистон бош вазири Пашинян билан Санкт-Петербургдаги учрашувида Лочин коридоридаги ўзгаришлар бўйича батафсил маслаҳатлашди. Путин ва Пашиняннинг бу борадаги алоқалари давом этади”, деди.
Песков Москва Лочин коридорида кучайиб бораётган кескинликдан хавотирда эканини маълум қилди.
"Ҳақиқатан ҳам ортиб бораётган тарангликдан хавотирдамиз, ҳам Ереван, ҳам Боку билан уч томонлама келишувлар доирасида иш ва саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз", деди.
У Пашиняннинг Қорабоққа халқаро тинчликпарвар кучлар юборилиши ҳақидаги илтимоси ҳақида ҳам тўхталди.
“Агар можаронинг ҳар икки томони рози бўлса, халқаро тинчликпарвар кучлар жалб этилиши мумкин ва бу ҳолатда нафақат Арманистон, балки Озарбайжоннинг ҳам розилиги талаб қилинади. Арманистон бизнинг энг яқин иттифоқчиларимиздан бири ва Озарбайжон бизнинг қимматли ҳамкоримиздир”, деди у.
Озарбайжон фаолларнинг Лочин коридорида намойиши
Озарбайжон ҳукумати асосан арман миллати истиқомат қилаётган ва Россия кучлари вақтинча жойлаштирилган ҳудуддаги ер ости бойликларининг ноқонуний ташиб кетилиши ва бунинг натижасида атроф-муҳитга етказилган зарарни текшириш мақсадида 10 декабрь куни минтақага эксперт гуруҳларини юборган эди.
Бу вазиятдан келиб чиққан ҳолда Озарбайжон атроф-муҳит нодавлат ташкилотлари аъзолари ва фаоллари 12 декабрь куни Озарбайжонда конларнинг ноқонуний ишлашига йўл қўймаслик талаби билан Лочин коридорида норозилик намойиши бошлади.
Арманистон расмийларининг тинч аҳолини Лочин йўлагидан ўтишига рухсат берилмагани ҳақидаги иддаолари Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан рад этилди. Вазирлик йўл Россия кучларининг ноқонуний ҳаракатлари учун ёпилганини ва фуқароларга ҳеч қандай тўсиқлар йўқлигини билдирди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар