
Фото: Украина қуролли кучлари
Россиянинг Украинадаги армияси артиллерия ўқ-дорилари жиддий танқислигини бошдан кечирмоқда. Снарядлар етишмаслиги натижасида истилочилар Бахмут остоналаридан силжий олмаяпти. Бу ҳақда Урушни тадқиқ қилиш институти (ISW) ҳисоботида айтилади.
РФ, катта эҳтимол билан, бошқа фронтларда ҳам ҳужум ёки мудофаа операцияларига қодир бўлмайди. Бундан ташқари, Беларусь томонидан қайта ҳужум эҳтимоли кам, деб ҳисоблайди ISW.
Хусусан, Украина Ҳарбий разведка бош бошқармаси бошлиғи Кирилл Будановнинг 31 декабрдаги баёноти келтириб ўтилди. У Россиянинг Украинадаги армияси артиллерия билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келаётганини айтиб, бу муаммолар март ойларига келиб, янада сезиларлироқ тус олишини тахмин қилди.
Буданов ўз баёнотини шу билан изоҳладики, Россия қўшинлари аввалроқ кунига ўртача 60 мингта артиллерия снарядларини қўллаган бўлса, эндиликда 19—20 мингта ишлатмоқда.
Шунингдек, истилочилар «махсус операция»ни қандайдир тарзда қўллаб-қувватлаб туриш учун Беларусдаги ҳарбий омборларда қолган барча артиллерия ўқ-дориларини чиқариб кетган.
Шу билан бирга, Украина разведкаси ҳисоб-китоблари Британия разведкасиники билан мос келмоқда. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги 24 декабрь куни Россия Украинада катта кўламли ҳужум операцияларини, ҳаттоки, узун фронт чизиғи бўйлаб мудофаа операцияларини қўллаб-қувватлаш учун ўқ-дорилар захирасига эга эмаслигини маълум қилган эди, бундай операциялар учун уларга катта сонли снарядлар ва ракеталар керак бўлади.
Шундан келиб чиқиб, таҳлилчилар айтишича, Бахмут остоналаридаги жанглар аввалгидек шиддатли бўлмайди.
«ISW ҳисоб-китобларига кўра, ўқ-дорилар сонининг чекланганлиги Россия кучларига яқин келажакда Бахмут атрофида операцияларнинг юқори суръатини сақлаб туришга қисман халал беради. Россия қуролли кучлари артиллерия ўқ-дорилари захираларининг тугаши, катта эҳтимол билан, уларнинг Украинанинг бошқа жойларида ҳам фаол операциялар олиб бориш имкониятига таъсир ўтказади», — дейилади ҳисоботда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар