07:00 / 02.01.2023
1 063

Лукашенко умрбод Сенат аъзоси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги қонунни имзолади

Лукашенко умрбод Сенат аъзоси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги қонунни имзолади
30 декабрь куни Александр Лукашенко Беларус парламенти фаолиятига оид янги қонунларни имзолади. Ўзгартиришлар, хусусан, ўз ваколатларини амалга оширишни тўхтатган Беларус Президенти унинг розилиги билан умрбод Республика Кенгаши (Сенат) аъзоси бўлишини назарда тутади.

Айнан Республика Кенгаши раисининг вазифалари қаторига давлат раҳбари лавозими яна бўш қолган тақдирда президент ваколатларини амалга ошириш қўшимча равишда киритилади.

Владимир Путин 2020 йилда ўзи учун худди шундай қонунни имзолаган эди: у Россиянинг собиқ президентига умрбод сенатор бўлиш ҳуқуқини беради. Қонун президент ваколатлари муддати тугаши муносабати билан унинг ваколатлари тугаган ҳолатларга ҳам, сиёсатчи истеъфога чиққан ҳолатларга ҳам тегишли.

Лукашенко Беларусда деярли 29 йилдан бери ҳокимият тепасида. 1994 йилда Беларусда президентлик ўрнатилгандан сўнг, коррупцияга қарши кураш комиссиясининг ўша пайтдаги раҳбари Лукашенко ўша йилнинг июль ойида бўлиб ўтган миллий сайловлар натижаларига кўра, республика тарихидаги биринчи президент бўлди.

Ўшандан бери мамлакат конституцияси бир неча бор ўзгартирилиб, Лукашенкога ҳокимиятда қолишига шароит яратиб берилиб келди. ЕХҲТ ва Европа Иттифоқи давлатлари сўнгги бир неча сайловларни қонуний деб тан олишмади. 2020 йилнинг ёзида сиёсатчи бир неча бор «ҳокимиятга тиш-тирноғи билан ёпишмаслик»ка ваъда берганига қарамай, олтинчи бор президентлик сайловида “ютиб чиқди”. Беларус Марказий сайлов комиссиясининг расмий маълумотларига кўра, ўшанда Лукашенко биринчи турда Светлана Тихановская устидан ғалаба қозонганини иддао қилган эди.

2020 йилги сайлов натижаларининг эълон қилиниши мамлакатда оммавий норозиликларга сабаб бўлди ва улар хавфсизлик кучлари томонидан қаттиқ бостирилди. Кузатувчилар, ҳаттоки, сайлов комиссиялари аъзолари ҳам бу сайловлар сохталаштирилганлиги тўғрисида инкор этиб бўлмайдиган далиллар келтирдилар. Лукашенконинг сайловлардаги асосий рақибларига қарши жиноий иш очилди: бу сиёсатчиларнинг баъзилари узоқ муддатга ҳукм қилинди, баъзилари эса чет элда қолишга мажбур бўлди.

Мутахассислар аввалроқ Лукашенко ўзини келажакда ҳам президент, ҳам Беларус Сенати раҳбари сифатида икки мансабда кўраётганини таъкидлаган эди.

БелТА хабарига кўра, Лукашенко имзолаган ўзгартиришларга кўра, сентябрдан июнгача парламентнинг икки мажлиси ўрнига битта сессияси ҳам жорий қилинган. Бошқа ўзгаришлар қаторида Конституциявий суд судьялари ва Марказий сайлов комиссияси аъзоларини парламентнинг қуйи палатаси (Беларус халқ ассамблеяси) эмас, балки Сенат сайлайди.

Лукашенко, шунингдек, Вакиллар палатаси депутати ва Миллий мажлис республика кенгаши аъзоси мақоми тўғрисидаги қонунга ўзгартиришларни имзолади. Улар Вакиллар палатаси депутатлари ва Республика Кенгаши аъзоларининг Бутун Беларус Халқ Ассамблеяси ишида делегат сифатида иштирок этишини таъминлайди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг