
Фото: Getty Images
2019 йилда Вашингтон инсон жасади қолдиқларини компост қилишни қонунийлаштирган биринчи АҚШ штатига айланган эди. Кейинчалик Колорадо, Орегон, Вермонт ва Калифорния штати ҳам шундай қарорни қабул қилди.
Нью-Йорк штати губернатори Кэти Ҳокул ҳам 31 декабр куни инсон жасади қолдиқларини компост қилишга рухсат берди.
Қайд қилинишича, инсон жасади қолдиқларини компост қилиш дафн этиш ва кремацияга нисбатан экологик тоза усул ҳисобланади. Инсон жасади ёғоч қириндилари, беда ва сомон билан тўлдирилган герметик контейнерга жойлаштирилади. Кейин контейнер ёпилади ва микроблар 30 кун ичида жасад қолдиқларини компостга айлантиради, кейин у марҳумнинг қариндошларига берилади. Компостдан гуллар, дарахтлар ёки сабзавотлар ўстиришда фойдаланиши мумкин.
Компостлаш дафн этиш ва кремациядан кўра камроқ углерод чиқаради, шунингдек, ер майдонлари чекланган шаҳарларда қабристон билан боғлиқ муаммоларга ечим бўлиши мумкин. Бироқ, компостлаш натижасида ҳосил бўлган тупроқни нима қилиш кераклиги билан боғлиқ ахлоқий саволлар ҳам мавжуд. Масалан, баъзи руҳонийлар инсон жасади маиший чиқинди эмаслигини таъкидлаб, ундан компост тайёрлашга қарши чиқмоқда.
Компостлаш нархи ҳам ташвишлидир. Бироқ, бундай хизматни таклиф қилувчи Американинг Recompose компанияси 7 минг долларлик нарх бошқа дафн турлари билан рақобатбардош эканини таъкидламоқда.
Таққосланадиган бўлса, 2021 йилда Қўшма Штатларда дафн маросимининг ўртача нархи 7 848 долларни ёки кремация билан дафн маросими учун 6 971 долларни ташкил этди.
Инсон жасадини компост қилиш Швецияда ҳам рухсат этилган, Буюк Британияда эса жасадни тобутсиз ёки тез парчаланадиган тобутда дафн этишга рухсат берилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар