16:28 / 03.01.2023
2 033

Россиянинг бир зарбадаги йирик йўқотиши. Сўнгги маълумотлар

Россиянинг бир зарбадаги йирик йўқотиши. Сўнгги маълумотлар
Фото: Hannibal Hanschke / EPA / Scanpix / LETA
Донецк областининг Россия назоратидаги Макеевка шаҳрида камида 63 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани расман тасдиқланди. Россиялик ҳарбий мухбирлар эса қурбонлар сони кўпроқлиги ва уларнинг бари сафарбар қилинганлар бўлганини айтишмоқда.

1 январга ўтар кечаси Донецк областининг Россия аннексияси остида бўлган Макеевка шаҳридаги 19-сонли касб-ҳунар мактаби биносига ракета зарбалари йўлланди. Украина қуролли кучлари стратегик коммуникациялар бошқармаси маълумотига кўра, бинога сафарбар қилинган россияликлар жойлашганди, зарбалар оқибатида 400 га яқин киши ҳалок бўлиб, яна 300 киши яраланган.

Аннексия қилинган «ДХР» расмийлари зарбадан кейин ТАСС нашрига, Макеевка ўққа тутилиши оқибатида, дастлабки хабарларга кўра 15 дан ортиқ киши жароҳат олганини айтишганди.

2 январ куни кундузи Россия мудофаа вазирлиги ҳар кунги брифинг вақтида россиялик ҳарбий хизматчиларнинг вақтинча жойлашуви пунктига зарбалар келганини тасдиқлади. Вазирликка кўра, Украина қуролли кучлари «HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимидан олтита снаряд учирган». «Фугасли тўртта ракета портлаши оқибатида 63 нафар россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, HIMARS’нинг иккита реактив снаряди уриб туширилди», дейилади хабарда.

«Агентство» нашри РФ мудофаа вазирлиги бунгача битта зарба оқибатида берилган йирик йўқотишларни тан олмаганига эътибор қаратган; Кремл таъсиридаги «Romanov Лайт» телеграм-канали йўқотишлар 200 кишини ташкил этишини ёзган, лекин уларнинг қанчасини ярадорлар, қанчасини ҳалок бўлганлар ташкил этишига аниқлик киритмаган. Ҳарбий мухбир («военкор») Александр Коц ўз телеграм-каналида Макеевкадаги касб-ҳунар мактаби биноси ўққа тутилиши оқибатида ярадор бўлганлар сони қурбон бўлганлар сонидан кўп эканини айтган.

«Рыбарь» телеграм-канали (уни РФ мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг собиқ ходими Михаил Звинчук очган) тасдиқлашича, қурбон бўлганларнинг барчаси сафарбар қилинганлар бўлган, бинода 14444-полк жойлаштирилганди, бинода жами 600 киши бўлган. «Оперативные сводки» телеграм-канали манбаларига кўра, зарбадан кейин 78 киши ҳалок бўлиб, 136 киши яраланган. Шу телеграм-каналнинг ёзишича, зарбани нишонга йўналтиришда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этган, аммо Россия томони ҳам, Украина томони ҳам бу ҳақда изоҳ бермаган.

Кейинроқ Самара области губернатори Дмитрий Азаров Макеевкадаги зарба бўйича изоҳ бериб, қурбонлар орасида самараликлар борлигини тасдиқлади:

«Бизникилар ҳам душман зарбаси остида қолган. Ярадорлар бор, афсуски, қурбонлар ҳам. Айни вақтда маълумотлар аниқлаштирилмоқда. Ҳозирда кўпчилик ўз яқинлари ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун ташвишланишини тушунаман. Афсуски, ижтимоий тармоқларда кўплаб текширилмаган, фейк маълумотлар тарқалмоқда. <…> Мудофаа вазирлиги, барча хизматлар билан доимий алоқада бўлиб турибман. Ярадорларни даъволаш учун барча зарур ёрдамларни кўрсатамиз. Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оиласи бизнинг барча томонлама ёрдамимизга таяниши мумкин».

«Рыбарь» телеграм-каналига кўра, бино ҳудудида ўқ-дори омбори ҳам жойлаштирилган, ракета келиб тушгач детонатиц ҳодисаси янада ҳалокатли оқибатларга сабаб бўлган.

Аннексия қилинган «ДХР» «ахборот вазири ўринбосари» Даниил Безсонов ҳарбий хизматчиларни турли объектлар бўйлаб тарқатмасдан, битта бинога жойлаштирган қўмондонликни жавобгарликка тортишга чақирган. Россиялик ҳарбийлар дислокацияси «Z-каналлар» муаллифларининг ҳам ғазабини келтирган: ВГТРК репортёри Александр Сладков, Кремл таъсиридаги ҳарбий блогер Борис Рожин (Colonelcassad тахаллуси билан танилган), Москва шаҳар думаси вице-спикери Андрей Медведев ва «Рыбарь» муаллифлари шулар жумласидан.

«ДХР» ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбалар ТАСС билан суҳбатда касб-ҳунар мактаби биносига зарба берилиши «Макеевкадаги ҳарбий хизматчилар телефондан фаол фойдаланиши» оқибатида содир бўлган. «Дастлабки маълумотларга кўра, бу ерга келган ҳарбий хизматчилар мобил телефонлардан фаол фойдаланиши HIMARS томонидан зарбалар берилишига олиб келган. Душман ECHELON разведка комплекси орқали абонентларнинг телефон алоқалари фаоллашуви ва жойни аниқлаган», — дея суҳбатдошнинг сўзларини келтиради ТАСС.

«7×7» Макеевкадаги ҳарбий хизматчиларнинг қариндошлари билан боғланган. Ҳарбийлардан бирининг рафиқаси ярадорларни «Ростов областидаги ҳоспиталга ҳам олиб кетишган». «Бошқа йигитлар ҳам қўнғироқ қилишди, улар у ерда кийимсиз қолишган. Омон қолганлар ҳам оғир аҳволда. Ҳеч нарса йўқ: зарур буюмлар ҳам, дори-дармон ҳам, пул ҳам, озиқ-овқат ҳам», — деган у.

Саратовдан сафарбар қилинганларнинг қариндошлари 2 январ куни губернатор Роман Бусаргиндан «вазият бўйича ҳақиқат»ни айтишни талаб қилишди. Аввалроқ «Romanov Лайт» телеграм-канали муаллифлари бинода Саратов областидан сафарбар қилинганлар ҳам бўлгани ҳақида хабар тарқатганди. Кейинроқ «Твои герои, Саратов ZOV» телеграм-каналида, уни Саратов области думаси депутати Александр Янклович юритади, «Макеевкага ҳаймарс орқали зарба берилиши оқибатида ҳалок бўлган ва яраланганлар орасида Саратов областидан сафарбар қилинганлар ва кўнгиллилар йўқлиги» ҳақида маълумот пайдо бўлди. Роман Бусаргиннинг матбуот хизмати Макеевкадаги ҳолат бўйича изоҳ бермаган.

Кун охирига келиб Украина қуролли кучлари Бош штаби Макеевкага зарба берилганини тасдиқлади, хабарда 31 декабр куни бу ҳудудда турли турдаги ўнтача ҳарбий техникалар яксон этилгани ва шикастлангани айтилган. «Шахсий таркиб бўйича йўқотишларга аниқлик киритилмоқда», — дейилади Бош штаб хабарида.

Фото: Николай Тришин / ТАСС
Бу Россия армиясида бир вақтнинг ўзида берилган энг йирик йўқотишми?

Россия ҳарбий қўмондонлиги урушдаги йўқотишлар ҳақида фақат икки бор хабар берган - 2022 йил март ойи бошида ва сентябр ойи охирида. Вазирлик қолган барча ҳолатларда ўз ҳарбийлари ҳалокати тафсилотлари бўйича қўшимча рақамларни тақдим этмаган.

Шунга қарамай, Россия ҳарбийлари орасида бир вақтнинг ўзида берилган йирик йўқотишлар бўйича ишончли маълумотлар мавжуд.

«Гостомел» аэропорти учун жанг. Камида 27 қурбон

Россиянинг Украинага босқинининг илк кунида десантчилар Киев яқинидаги «Гостомель» аэропортига ташланади. Бу амалиёт чоғида ҳалок бўлган россиялик ҳарбийларнинг аниқ сони маълум эмас.

Лекин ҳужум қилган томон илк куниёқ жиддий йўқотишларга учраган.

BBC ўрганган маълумотларга кўра, Гостомелда россиялик десантчилар 6 март куни ҳам йирик йўқотишга учраган - ўшанда камида 27 аскар ва зобитлар ҳалок бўлишган. Уларнинг аксари ҳарбий десант кучларининг 31-бригадасида хизмат қилишарди.

Шу кунги қурбонларнинг ҳақиқий сони янада кўпроқ бўлиши мумкин, чунки нашр фақат очиқ манбалардаги маълумотларга таянган. Россия мудофаа вазирлиги Гостомел штурми чоғида қурбон бўлганлар ҳақида маълумот бермаган.

«Москва» крейсери чўкиб кетиши. Камида 22 қурбон

13 апрелдан 14 апрелга ўтар кечаси украин ҳарбийлари Қора денгиздаги «Москва» ракетали крейсерини ўққа тутишади. Жиддий шикастланган кема чўкиб кетади. Бу вақтда бортда қанча одам бўлгани ва қанча денгизчи ҳалок бўлгани тўғрисида ишончли маълумот йўқ.

Россия мудофаа вазирлиги аввалига Россия Қора денгиз флоти флагмани «шторм тўлқини шароитларида» Севастопол портига шатакчи кема орқали олиб кетилаётганини маълум қилиб, бир киши ҳалок бўлганини тан олганди. 27 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланган.

Очиқ маълумотлар асосида вазиятни ўрганган BBC, «Медиазона» ва кўнгиллилар «Москва» экипажи аъзоларидан крейсер чўкиши оқибатида ҳалок бўлган 22 киши ўлимини тасдиқлашган.

«Медуза» ўз манбасига асосланган ҳолда ракета зарбаси ва крейсер чўкиши оқибатида 37 ҳарбий ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган.

Фото: РИА Новости
Ноябр ойида Россия суди «Москва» крейсери чўкиши оқибатида 17 нафар денгизчи ҳалок бўлганини тасдиқлади, аммо бу ҳодисани Украинадаги уруш билан боғламади. Бунга қадар ушбу денгизчилар «бедарак йўқолганлар» қаторида саналарди.

Мошчун қишлоғи учун жанг. Камида 21 қурбон

Мартнинг илк кунларида Россия армияси бир неча йўналишлар бўйлаб Киевга ҳужум қилганди. Энг қонли жанглардан бири Буча районининг Мошчун қишлоғи учун бўлиб ўтади.

6 март куни денгиз пиёдалари аскарлари ва зобитлари ушбу аҳоли яшаш манзилини эгаллаш учун кечган жангда жами 21 кишини йўқотади. Қурбонларнинг аксари 155-денгиз пиёдалари бригадасида хизмат қилган.

Россия мудофаа вазирлиги бу жангдаги йўқотишлар тўғрисида хабар бермаган.


«Меркурий» базаси ўққа тутилиши. Камида 18 қурбон

19 июл куни Украина қуролли кучлари Росгвардиянинг «Меркурий» дала отряди жойлашган бинога зарба беради.

Украиналик журналистлар 18 қурбон ҳақида хабар беришган, Россия томонидан расмий хабар бўлмаган. Аммо қурбонларнинг яқинлари ҳам худди шу рақамни тасдиқлашган. Яна ўнлаб кишилар яраланган.

Ўшанда BBC «Меркурий» махсус топшириқли бўлинмаси аъзолари бўлган 10 киши фамилиясини аниқлаганди.

Россия мудофаа вазирлиги бу зарба ҳақидаги маълумотни ҳеч қачон тасдиқламади.

Фронтдан маълумотлар етарлича эмаслиги шароитида Макеевкадаги касб-ҳунар мактаби ўққа тутилиши оқибатлари Россия армиясининг бир вақтнинг ўзида берилган энг йирик йўқотиши бўлгани ҳақида ишонч билан айтиш қийин. Аммо шуниси аниқки, бу Россия мудофаа вазирлиги томонидан тан олинган энг йирик бир вақтдаги йўқотиш бўлди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг