08:19 / 06.01.2023
1 097

Макеевкадаги қирғин. Россиядагилар бунга қандай муносабатда бўлишмоқда?

Макеевкадаги қирғин. Россиядагилар бунга қандай муносабатда бўлишмоқда?
Фото: AP / Scanpix / LETA
РФ мудофаа вазирлиги Макеевкадаги қурбонлар кўпроқлигини тан олди. Ҳодисада ҳалок бўлган ҳарбийларнинг ўзи айбдор қилинди. Аслида ким айбдор?

Россия мудофаа вазирлиги Украинанинг Макеевка шаҳри бўйлаб йўлланган зарбалар оқибатида ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар сони 89 нафарга етганини эълон қилди. Душанба куни вазирлик 1 январга ўтар кечаси Донецк областининг босиб олинган ҳудудидаги вақтинча жойлашув пунктига HIMARS тизими орқали йўлланган зарба оқибатида 63 киши ҳалок бўлганини хабар қилганди. Москвадагилар ҳарбий хизматчилар тақиқни бузган ҳолда мобил телефонлардан фойдалангани зарбага сабаб бўлганини айтмоқда.

Россия мудофаа вазирлиги аниқлик киритишича, қурбонлар орасида - полк командири ўринбосари подполковник Бачурин ҳам бор.

«Афсуски, темир бетонли конструкциялар харобаларини тозалаш чоғида қуролдошларимиз орасидаги қурбонлар сони 89 нафаргача ошди», - деган РФ қуролли кучлари бош ҳарбий-сиёсий бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сергей Севрюков.

Унинг сўзларига кўра, зарба сабаби шахсий таркиб мобил телефонлардан оммавий фойдалангани бўлган. «Бу омил рақибга ракета зарбаси йўллаш учун ҳарбий хизматчилар турган жойни аниқлаш ва координаталарни белгилаш имконини берган», деган у.

Россия мудофаа вазирлиги шунингдек жавоб зарбаси билан Макеевкага зарба йўллаган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими йўқ қилинганини қўшимча қилган (Украина томони бу маълумотни тасдиқламаган).

Бундан аввалроқ ТАСС агентлиги ҳам ўз манбасига таяниб, «HIMARS зарбасига ҳарбий хизматчилар мобил телефонлардан фаол фойдаланиши сабаб бўлгани» ҳақида хабар тарқатганди. «Душман ECHELON разведка комплекси орқали телефонлар фаоллиги ва абонентлар жойлашувини аниқлаган», деган агентлик суҳбатдоши.

Макеевкага зарба

Макеевкада россиялик ҳарбийлар базасига айлантирилган касб-ҳунар мактаби биносига зарбалар янги йил кириб келиши билан йўлланганди. Бу вақтда бинода 600 га яқин одам бўлган бўлиши мумкин.

Якшанба куни Украина қуролли кучлари стретегик коммуникациялар бошқармаси Макеевкага зарба йўлланиши оқибатида сафарбар қилинган россияликлардан 400 нафари ўлдирилиб, 300 нафари яралангани ҳақида хабар берди. Украина нашрларида ҳам 300 қурбон ҳақида айтилди.

Душанба куни Россия мудофаа вазирлиги Украина томонидан йўлланган зарба оқибатида 63 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини эълон қилганди. Россия ҳарбий идораси маълумотига кўра, HIMARS тизимидан олти снаряд билан зарба берилган, уларнинг иккитаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан тутиб қолинган.

«Осколкали-фугасли тўртта реактив снаряд россиялик ҳарбий хизматчилар жойлашган бинога келиб урилган. HIMARS реактив снарядлари жанговар қисмлари детонацияси оқибатида бино қулаб тушган», деган Севрюков.

Генерал қурбон бўлганлар сафарбар қилинганлар бўлганига аниқлик киритмаган. Самара области губернатори Дмитрий Азаров эса Макеевкада ҳалок бўлганлар орасида ушбу регионданн урушга кетган ҳарбий хизматчилар борлигини айтганди. Айни вақтда Самарада маҳаллий ҳукумат мотам акциялари ўтказмоқда.

Макеевкада ҳалок бўлганларни хотирлаш учун йиғилган самараликлар
Арден Аркман / AFP / Scanpix / LETA

ТАСС агентлигининг 2 январ кунги хабарида «сафарбар қилинганлар» жумласи бор эди, аммо кейинроқ бу сўзлар хабардан олиб ташланган. Reuters агентлигининг анонимликни сақлаш шарти билан маълумот берган манбаси зарба сафарбар қилинган ҳарбийлар жойлаштирилган бинога берилганини хабар қилган, шу билан бирга Украина томони келтираётган рақамлар бўрттириб кўрсатилаётган бўлиши мумкинлигини айтган.

Россиялик ҳарбий мухбирлар зарба жойида харобаларни тозалаш ишлари давом этаётганини - бино ер билан битта бўлган - ва қурбонлар сони яна ортиши мумкинлигини ёзишган. Улар шунингдек раҳбариятнинг зарбага мобил телефонлардан фойдаланиши сабаб бўлгани ҳақидаги баёнотини танқид қилишмоқда ва Россия ҳарбий раҳбариятини айбни ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ўзига юклашга уринишда айбламоқда.

«Харобаларни тозалаш ишлари ҳозирга қадар давом этмоқда, ва афсуски бу фожиа қурбонлари сони кўпроқ бўлиши мумкин», дея ёзган Донецкда ишлаётган WarGonzo ҳарбий телеграм-канали муаллифи Семён Пегов. Унинг сўзларига кўра, «ҳаймарс» зарбасига йўлиққанлар орасида сафарбар қилинганлар ҳам, штатдаги ҳарбий хизматчилар, жумладан Росгвардия ва СОБР (Ички ишлар вазирлигининг махсус топшириқли бўлинмалари) жангчилари бор.

«Мендаги маълумотларга кўра, Макеевкадаги яна бир нуқтага зарба йўлланган», дея ёзади Пегов.

Россиядаги кучишлатар тузилмаларга яқин ҳисобланган ВЧК-ОГПУ телеграм-канали Макеевкадаги зарбадан омон чиққанлар учун 130 ўринли ётоқхона тайёрланаётганини ёзган. Телеграм-каналнинг ёзишича, бинода бўлганларнинг қолган қисми – яраланган ёки ҳалок бўлган.

«Билганим шуки, кўпчилик шу даражада парчаланиб кетганки, танадан амалда ҳеч нарса қолмаган. Биламанки, оёқ кийимлар ичидан жасад қолдиқларини олишган», дейди сафарбар қилинганлардан бирининг рафиқаси. Бошқа бир сафарбар қилинган аскарнинг турмуш ўртоғи эса ярадорларни Ростов областидаги ҳоспиталга олиб боришганини айтади. «Эрим менга шунчаки бир неча сўз ёзиб, тирик ва соғ эканини айтди. Яна бир йигит қўнғироқ қилди, у кийимсиз юрибди. Тирик қолганлар ҳеч нарсасиз қолишган. Ҳеч нарса йўқ: зарур буюмлар ҳам, дори-дармон ҳам, пул ҳам, озиқ-овқат ҳам... Шунчаки даҳшат», - дея ҳикоя қилади у.


Ким айбдор?

Россиялик ҳарбий мухбирлар ва блогерлар ҳодиса учун ким жавобгарлиги бўйича айрича фикрлар билдиришмоқда. Уларнинг бир қисми барчасида сафарбар қилинганларнинг ўзларини айбламоқда - улар янги йил кечасида телефондан фаол фойдаланиб, Россия сим-карталарини ишга тушириш орқали ўз жойларини билдириб қўйишган. Бошқаларнинг ҳисоблашича, ҳарбийларни тиғиз ва ўқ-дори омбори ёнига жойлаштирган қўмондонлик айбдор. Учинчи томон эса Украина қуролли кучларига ишловчи маҳаллий информаторлардан гумон қилмоқда, шунингдек, хоинлик бўлгани истисно этилмаяпти.

ВЧК-ОГПУ манбаси телефон алоқасидан фойдаланиш Макеевкадаги касб-ҳунар мактаби биносига аниқ зарба берилгани сабаби ҳақидаги назарияга шубҳа билан қарайди.

«Макеевка Донецк ёнидаги кичик шаҳарча ва ўз-ўзидан у ерда нималар бўлаётганини барча кўриб туради. Айниқса кўплаб жангчилар ва техникалар тўпланганини. У ердагиларнинг барчаси Россия тараф эмас. Наводкачилар (нишонни белгилаб берувчи айғоқчилар) ҳам, корректировшчиклар (зарбани йўналтириб турувчи) ҳам бор. Аммо шунга қарамай, бу ерга доимий равишда сафарбар қилинганларни жойлаштириб келишади. Қолаверса, бу жойларга аввал ҳам HIMARS орқали зарбалар берилган. Ўтган йил ёзида ҳам шундай зарба билан Ҳорливкада танк батальони штаби вайрон қилинганди. Бу факт ёритилмаган, бу ҳақда жуда кам одам билади», дейди у.

Манбанинг сўзларига кўра, ўшанда Украина қуролли кучлари мобил алоқа туфайли нишонни аниқлаб зарба бермаганди ва сафарбар қилинганлар тасодиф туфайли омон қолишганди.

Бундан ташқари, сафарбар қилинганларнинг кўпчилиги қисмга келишлари билан телефонлар олиб қўйилишини айтишган. Шунингдек, Украина ҳудудида роуминг орқали Россия сим-карталаридан фойдаланиш жуда қиммат туради.

Андрей Медведев, Москва шаҳар думаси вице-спикери, ВГТРК ходими, ўз телеграм-каналида шундай деган:

«Шундай бўлишини олдиндан тахмин қилиш мумкин эди. Макеевкадаги фожиа учун жавобгарликни жангчиларнинг ўзига юклашга уринишларини. Эмишки, улар телефонларини ёқишган ва симкарталар бир жойда тўпланганини аниқлашган. Ҳа албатта. Шахсий таркибни касб-ҳунар мактаби биносига жойлаштиришга буйруқ берган командир айбдор эмас. Маскировка воситалари ҳақида қайғурмаганлар айбдор эмас. Жангчиларни ертўлаларга жойлаштирмаганлар айбдор эмас. Шунчаки телефон ишлатган жангчи айбдор бўлиб чиқмоқда. Таъбир жоиз бўлса, улар ўзларини зарба остига қўйган. Бу ҳам етмагандек ўз ҳаракатлари билан ҳурматли кишиларни уятга қўйиб, байрамда салат ейишига халақит қилишган.

Бу «шаҳарни аскарлар олади, урушни генераллар ютиб чиқади» иборасини яққол ифодаловчи иллюстрация
».

«Бойцовый кот Мурз» - «ДХР»даги қисмлардан бирининг ҳарбий хизматчиси, «Нам пишут из Янины» телеграм-каналини юритади:

«Кимдир, қайсидир россиялик ҳарбий урушнинг 11-ойида, ўқ-дори омборлари ва аскарларнинг жойлашув нуқталари бўйлаб бир неча ойдан буён давом этаётган ва кўплаб қурбонлар ва снаряд етишмовчилигига сабаб бўлган ракета зарбаларидан кейин ҳам сафарбар қилинганларнинг бир галасини уяга қамаб, уларнинг атрофини ўқ-дорилар билан ўраб, техникаларни қолдириб, идеал нишон ҳосил қилди.

Бу одам сафарбарликнинг иккинчи тўлқинидан олдин у аскарларнинг исён кўтариб барбод бўлиши учун барча шароитни яратди
».

Россиялик блогер Игор Димитриев, «Русский ориенталист» телеграм-канали муаллифи:

«Зарбаларга қандай қарши туриш ҳақида ҳамма ёзмоқда - тарқатиб жойлаштиришни. Бу қаердадир иш беради, қаердадир йўқ, улар ҳаммани бир ангарга олиб келишда давом этишади. Нима учун? Биринчидан, логистика. Иккинчи сабаб шундаки, кучларни сочиб юбориш, бўлиб ташлаш марказсизлаштиришга олиб келади - марказсизлаштириш эса Россия армияси ва давлати тузилишининг энг асосий тамойилига зид келади.

Ва шу нуқтайи назардан армиянинг ярмини йўқотиб, телефонларни тақиқлаб, фактларни яшириб бўлса ҳам, унинг устидан назоратни сақлаб қолиш муҳим
».

IanMatveev, твиттер фойдаланувчиси:

«Ҳозирда фронтда 150 мингдан 200 минггача сафарбар қилинганлар бор. Ўйлашимча, уларнинг камида ярми (75-100 минг) фронт ичкарисида ва жуда кўпчилик айнан Донецк ва унинг атрофларида, шунчаки бу ерда логистика соддароқ. Тасаввур қилинг, сиз шаҳарга 20 000 минг кишини жойлаштиришингиз керак. Яъни сиз уларни оласиз ва бутун шаҳар бўйлаб 2000 та ертўлага жойлаштирасиз. Сафарбар қилинганларни. Интизомсиз, тажрибасиз ва жанг қилиш истагига эга бўлмаган одамларни. Нима бўлади? Бир қисми қочади, бошқалари талончилик қилишга киришади ва умуман олганда барча ғирт маст бўлади. 20 000 минг аскар ғойиб бўлади!

Мен гапни нимага бураётганимни тушуняпсизми? Сафарбар қилинганларни бир жойга жойлаштирган одам ақлли бўлгани даргумон. Агар ақли бўлганида урушдан кетган бўларди. Аммо у бошқа йўли бўлмагани учун шундай чора кўрган. Акс ҳолда уларни назорат қилиш имконсиз бўларди. Қолаверса, жойлар (айнан ертўлалар), ўйлашимча, у қадар кўп эмас.

Шуни унутмангки, сафарбар қилинганларни доимо том маънода қўриқлаш керак. Улар бир лаҳзада қочиб кетиши мумкин. Кўплаб экспертлар ва генераллар янги жонли куч (сафарбар қилинганлар) Россия армиясининг устунлиги эканини айтишади. Бундай устунликдан фойдаланиш учун эса уларни айнан бир жойда жамлаш керак бўлади.

Уларни бир мактаб ёки коллеж биносида эмас, балки фронтда тўплаш керак. Аммо бу барча батальонларни у ергача етказиб бориш ҳам керак. Уларни ертўлаларда йўқотмасдан, интизом йўқлигини ҳисобга олган ҳолда сочиб юбормасдан. Батальонларни бир жойда жойлаштириш қарори ҳам шундан
».

«Жавобгарликка тортилади»

Генерал Севрюков ОАВда эълон қилинган маълумотларнинг катта қисмини тасдиқлади. Хусусан, Макеевкага зарба берилган вақтни ҳам - Москва вақти билан 1 январ куни соат 0:01.

«Текширувлар якунларига кўра айбдор мулозимлар жавобгарликка тортилади», деган Севрюков.

Лекин унинг сўзларига кўра, «ҳозирнинг ўзида рўй берган ҳодисанинг асосий сабаби шахсий таркиб душманнинг қўли етадиган масофада тақиқларни бузган ҳолда мобил телефонларни ёқиб, оммавий равишда фойдалангани бўлгани аён».

Генерал Севрюков украинларнинг Макеевкага зарбасини россияликларнинг Донецк областининг Краматорск райони Дружковка шаҳрига зарбаси билан ҳам боғлаган, бу зарба натижасида ҳоккей аренаси вайрон қилинган. Унинг тасдиқлашича, Дружковкада темирйўл станцияси ҳудудида яна тўртта HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари йўқ қилинган.

Қайд этиш керакки, Россия томони шу вақтга қадар АҚШ томонидан Украинага етказиб берилган бундай тизимларнинг 27 таси йўқ қилингани ҳақида маълумот берган ва бирор ҳолатда видео ёки фотодалил келтирмаган. АҚШ эса шу вақтгача Украинага жами 20 та HIMARS етказиб берган, яъни россияликларнинг ҳисобларига кўра, ҳали етказиб берилмаган тизимлар ҳам «йўқ қилинган». Америка ва Украина ҳукумати HIMARS тизимлари россиялик ҳарбийлар томонидан йўқ қилингани бўйича бирор маълумотни тасдиқламаган. Кузда Украина томони жанг майдонларида ушбу тизимларнинг макетларини жойлаштирган ҳолда россияликларни чалғитаётгани ҳақида хабарлар берилганди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг