
Анналена Бербок / Фото: Anadolu agency
Берлин Путиннинг Украинада ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги қарорини эътиборга олди, деди Германия ҳукумати вакили. Бу қарор украиналикларга тинчлик ва хавфсизлик олиб келмайди, деб маълум қилди Германия ташқи ишлар вазири Бербок.
Германия ҳукумати Россия президенти Владимир Путиннинг 6 ва 7 январь кунлари Украинада Рождествода ўт очишни тўхтатиш тартибини жорий этиш ҳақидаги буйруғига вазминлик билан муносабат билдирди. «Биз бу баёнотни эътиборга олдик», деди федерал ҳукумат вакили пайшанба куни Берлинда. Унинг сўзларига кўра, ҳар қандай жанговар ҳаракатларни тўхтатиш одамларнинг ҳаётини сақлаб қолади, аммо якунда Россия ўз қўшинларини Украинадан бутунлай олиб чиқиб кетиши ва шу тариқа исталган вақтда бу урушни тўхтатиши керак. «Биз Россияни шундай қилишга чақирамиз», — дея қўшимча қилди у.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок, ўз навбатида, Кремль эгасининг баёнотини кескин танқид қилди. «Ўт очишни тўхтатиш келишуви Россия оккупацияси остида ҳар куни қўрқувда яшаётган одамларга тинчлик ва хавфсизлик олиб келмайди», — деб ёзди Бербок Twitter'да. Унинг сўзларига кўра, Путин «қисқа танаффусдан кейин урушни давом эттириш» ниятида эканлиги аниқ. Агар Путин тинчликни истаса, «аскарларини уйига олиб кетарди ва уруш тугарди». Шунинг учун Германия «украиналикларни яна тинч ва эркин яшаши учун қўллаб-қувватлашда давом этади», деди немис вазири.
АҚШ президенти Жо Байден пайшанба куни Вашингтонда Путин сулҳ эълон қилиш орқали Украинага қарши урушда бир муддат тин олишга ҳаракат қилаётганини айтди. Унга кўра, Путин 25 декабрь куни католикларнинг Рождество байрами ва янги йил байрамларида «касалхоналар, болалар боғчалари ва черковларни бомбардимон қилишга» тайёр эди. «Менимча, ҳозир у тин олишга ҳаракат қилмоқда», — деди Оқ уй раҳбари.
Украинада Путиннинг қарори «иккиюзламачилик» деб аталди. «Украина чет эл ҳудудига ҳужум қилмаяпти ва тинч аҳолини ўлдирмаяпти, худди Россия каби», — деб ёзди Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Twitter'да. «Украина ўз ҳудудида фақат оккупацион армия аъзоларини йўқ қиляпти. Россия босиб олинган ҳудудларни тарк этиши керак - шундан кейингина у «вақтинчалик сулҳни» бошлайди. Иккиюзламачиликни ўзингизга қолдиринг», дейилади баёнотда.
Россия президенти Владимир Путин мудофаа вазири Сергей Шойгуга 6 январь тушдан 7 январга ўтар кечаси ярим тунгача ўт очишни тўхтатиш режимини жорий этиш бўйича топшириқ берди, деб хабар қилди 5 январь, пайшанба куни Россия президенти матбуот хизмати. Хабарда айтилишича, режим Украинадаги томонлар ўртасидаги ҳарбий алоқанинг бутун чизиғи бўйлаб амал қилади.
Путин ўз қарорини пайшанба куни Украинадаги урушда Рождество сулҳига чақирган патриарх Кириллнинг мурожаатини инобатга олган ҳолда қабул қилди. «Православликка эътиқод қилувчи кўп сонли фуқаролар жанговар ҳудудларда истиқомат қилаётганидан келиб чиқиб, биз Украина томонини ўт очишни тўхтатишни эълон қилишга ва уларга Рождество арафасида, шунингдек, Рождество кунида тегишли маросимларда қатнашишларига рухсат беришга чақирамиз», — дейилади Путиннинг кўрсатмасида.
Германия Путинни Украинадан қўшинларни бутунлай олиб чиқиб кетишга чақирди

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар