date
views 365

«Ўт очишни тўхтатиб туриш» буйруғига қарамасдан, Украинага снарядлар отиш давом этмоқда

«Ўт очишни тўхтатиб туриш» буйруғига қарамасдан, Украинага снарядлар отиш давом этмоқда
Россия президенти Владимир Путин ўз қўшинларига православ Рождество байрами муносабати билан 36 соат ўт очмасликни буюрганига қарамай, Россия ва Украина артиллерияси Украинанинг урушдан вайрон бўлган шарқидаги нишонларни ўққа тутишда давом этмоқда.

Москва ўз кучларига Рождество байрамида тушдан бошлаб бир томонлама сулҳга риоя қилишни буюрганидан сўнг, жума куни Украинанинг Бахмут шаҳри, Кременная шаҳарчаси, Донецк ва Луганск вилоятларининг аҳоли яшайдиган жойлари яна ўққа тутилгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Россия ракеталари Херсон ва Краматорск шаҳарларидаги аҳоли турар-жойларига, жумладан, сулҳ вақти - Москва вақти билан кундузи соат 09:00 дан аввал отилган.

"Қайси "ўт очишни тўхтатиш" ҳақидаги қарорни айтяпсиз? Мана бу товушни эшитяпсизми?", деган украиналик аскар Reuters агентлигига Кременная фронтида узоқдан портлаш овози эшитилаётган пайтда.

"Улар отишмани давом эттириш орқали нимага эришмоқчи, тушунмайман. Лекин уларга ишонмасликка ўрганиб қолдик", дейди аскар.

Кременнаядаги Украина кучлари ҳам танклардан жавоб қайтарди. Франc Прес мухбирлари Россия ўт очишни тўхтатди, деб ўйлаганидан кейин ҳам Бахмут шаҳрида ҳужум ва унга жавобан ўқ овозларини эшитган.

Россия Мудофаа вазирлиги ўз қўшинлари Москва вақти билан тушдан бошлаб “бутун фронт чизиғи бўйлаб” ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қила бошлаганини билдирди, бироқ Украина аҳоли пунктлари ва ҳарбий позицияларни ўққа тутишда давом этаётганини айтди. Бахмут полицияси ходими Павел Дяченко рус аскарлари ўт очишни тўхтатиш келишувига риоя этган тақдирда ҳам, бу шаҳардаги тинч аҳоли учун бирор аҳамиятга эга бўлишига ишонмаслигини айтди.

Черков байрами улар учун нимани англатиши мумкин? Улар кечаю-кундуз ўқ узмоқда, деярли ҳар куни одамлар ҳалок бўлмоқда”, деди у.

Россия томонидан босиб олинган Донецк вилояти пойтахтида ҳам рус қўшинлари отишмани тўхтатмагани ҳақида гувоҳлик беришмоқда.

Украинанинг фронтдаги шарқий Луганск вилояти губернатори Сергей Гайдайнинг айтишича, “ўт очишни тўхтатиш вақти”нинг дастлабки уч соатида руслар Украина позицияларига 14 марта ўқ узган ва бир аҳоли пунктига уч марта бостириб кирган.

Россия қўшинлари жума куни Украина жанубидаги Херсон шаҳридаги ўт ўчириш станциясини муддатидан олдин ўққа тутгани оқибатида бир қутқарувчи ҳалок бўлди, яна тўрт нафари яраланди, деди вилоят губернатори.

Вақтинчалик сулҳ бошланишидан бироз олдин, шарқдаги фронт чизиғига яқин бўлган Краматорск шаҳридаги турар-жой биносига ракеталар келиб тушди ва 14 та уйга зарар етказди, аммо қурбонлар бўлмаган, кўп одамлар қутулиб қолган.

"Бу ёмон, жуда ёмон", деди ҳужум пайтида ташқарисига қочиб чиққан 36 ёшли фуқаро Александр. "Бу нафақат байрамларда, балки ҳар куни содир бўлади", дея қўшимча қилди фуқаро.

Пайшанба куни Кремл 36 соатлик ўт очишни тўхтатиш ҳақида эълон қилган эди, гарчи Киев бир томонлама ҳаракатларга риоя қилмаслигини айтган бўлса-да, Украина президенти Владимир Зеленский буни Путиннинг Украинанинг олдинга силжишини секинлаштириш ва Россияга ўз кучларини қайта тўлдириш имкониятини бериш мақсадида қилган ҳийласи деб атаган.

Москванинг Украинадаги уруши тарафдори бўлган Рус православ черкови 7 январ куни Рождествони нишонлашини эълон қилган. Украинадаги асосий православ черкови Москва ҳукмронлигини рад этди ва кўплаб украиналик диндорлар Ғарбдаги каби Рождествони 25 декабрда нишонлаш учун тақвимларини ўзгартирдилар.

АҚШ Давлат департаменти Россиянинг жума куни давом этаётган зарбалари ўт очишни тўхтатиш келишуви "бемаъни" ҳийла эканини исботлади, деб айтди.

Франция ташқи ишлар вазирлиги эса буни Москванинг урушдаги айбларидан эътиборни чалғитишга қаратилган "қўпол" уриниш, деб атади.

Европа Иттифоқининг энг юқори мартабали дипломати жума куни ўт очишни тўхтатиш келишуви “ишончли эмас”лигини айтганди.

Кремлга мутлақо ишонч йўқ ва бир томонлама ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги бу баёнотга ишониб бўлмайди”, деди Европа Иттифоқи ташқи сиёсати раҳбари Хосеп Боррел Марокашга ташрифи чоғида.

Бутун Украинада эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш қарорига нисбатан шубҳалар кенг тарқалган эди.

Уларга ҳеч қачон ишониб бўлмайди, ҳеч қачон... Нима ваъда беришса ҳам, бажармайди”, дейди мамлакат жанубидаги урушдан вайрон бўлган Николай порт шаҳридан 46 ёшли Елена Федоренко исмли аёл.

Путин шанба куни православ Рождество маросимида бошқа диндорлар билан оммавий байрамда бирга бўлиш ўрнига вақтини Кремл соборида ўтказди.

Россия РИА ахборот агентлигининг хабар беришича, Путин узоқ йиллар давомида биринчи марта Рождество байрамини пойтахт яқинида эмас, балки Москвада нишонлаган.

Православ руҳонийлари “Илоҳий литургия” деб номланувчи ярим тунда бўлиб ўтадиган маросимни нишонлаётган пайтда, Россия давлат телевидениеси Путиннинг безатилган Благовещенский соборида ёлғиз тургани тасвирланган иккита видеоёзувни жонли эфирда намойиш этди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Ўт очишни тўхтатиб туриш» буйруғига қарамасдан, Украинага снарядлар отиш давом этмоқда