
Фото: Getty Images
Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Лондон Украинага нафақат 14 та Challenger 2 танкини, балки яна юзлаб зирҳли транспорт воситаларини, жумладан «Буллдог» номи билан машҳур бўлган FV432 бронетранспортёрини ҳам жўнатишини маълум қилди.
Британия парламентида чиқиш қилган Уоллес Украинага юборилаётган охирги ёрдам пакетини уруш давридаги энг муҳими деб атади.
«Бугунги пакет Украинанинг имкониятларини сезиларли даражада оширади. Бу пакет Украина қўшинларига мудофаадан қарши ҳужумга ўтиб, русларни Украина ерларидан ҳайдаб чиқаришга имкон беради», деган Уоллес.
У Британия Украинага Challenger 2 танкларини юборишини тасдиқлади. Шу тариқа, Лондон Киевга Ғарб типидаги танкларни етказиб берган биринчи давлат бўлади.
Шу билан бирга, у Украинанинг бошқа иттифоқчилари, жумладан Полша ва Финландия ҳам Украина ҳарбийларини Leopard 2 танклари билан таъминлай олишига умид билдирди.
Британия вазири бу масалада ҳамма нарса Германияга боғлиқлигини таъкидлади. Айнан Берлин Leopard танкларини ишлаб чиққан ва ишлаб чиқарган.
Уоллес парламентарийларга Британияда яна 20 минг украиналик аскар ўқитилишини хабар қилди.
Киев шунингдек, Лондондан ўзиюрар қуроллар, 20 миллион фунт стерлингга артиллерияни қўллаб-қувватлаш учун дронлар, 28 миллион фунт стерлингга миналанган майдонларни тозалаш ва сув ўтиш жойларини ўрнатиш учун ускуналар, 100 минг дона артиллерия снарядлари ва юзлаб ракеталар, шу жумладан баравар ўт очиш тизимлари учун GMLRS ракеталарини олади.
Украинага ёрдам Британияни кучсизлантирадими?
Айни пайтда Британия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи генерал Патрик Сандерс Лондоннинг Украинага оғир техникалар жўнатиш қарори Британия армиясини вақтинча заифлаштиришини тасдиқлади.
Сандерс Британия ҳарбийларига ички хизмат мактубини юборган ва бу хат BBC нашри мухбирлари қўлига ҳам тушган.
Хатда, жумладан, шундай дейилган: «Украина ҳозирда бизнинг танкларимиз ва қуролларимизга муҳтож. Мен улар бу қуроллардан самарали фойдалана олишларини биламан».
«Ушбу техникаларни чет элга юбориш бизнинг армиямизни вақтинча заифлаштиради, буни инкор этиб бўлмайди», дея ёрдам оқибатларини тан олган Британия армияси раҳбари.
Шу муносабат билан у Британиянинг оғир техника захираларини имкон қадар тезроқ қайта тиклашга чақирган.
«Бизнинг танловимиз (Украинага ёрдам бериш) НАТО доирасидаги мажбуриятларимиз ва Украина армиясининг Россияга қарши курашиш қобилиятига таъсир қилишига шубҳа йўқ», дея қўшимча қилган генерал Сандерс.
Шу билан бирга, Сандерснинг айтишича, Британиянинг Украина-Россия урушида Россиянинг мағлубиятини таъминлашга интилиши «мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлайди».
Challenger 2 танклари 1990-йиллар охирида ишлаб чиқилган. Ушбу танклар Украина армияси ихтиёридаги энг замонавий зирҳли транспорт воситаларидан бири бўлади.
Британия ҳукуматининг очиқ маълумотларига кўра, ушбу танкларнинг 386 таси мамлакат қуролли кучларига хизматга кирган. 2016 йил сентябр ҳолатига кўра эса, Британия армиясида 227 та Challenger 2 қолган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар