
Алексей Миллер ва Роман Скляр / Фото: Газпром
Россиянинг «Газпром» компанияси Қозоғистон билан газ соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитасини имзолади. Бу ҳақда «Газпром» матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжат «Газпром» бошқаруви раиси Алексей Миллер ва Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр ўртасидаги учрашувда имзоланган. «Томонлар ҳамкорликнинг бориши ва истиқболларини муҳокама қилдилар», деб ёзди Россия компанияси.
Аввалроқ Скляр Россия Федерацияси ҳукумати раҳбари ўринбосари Александр Новак билан учрашган эди. Учрашув якунлари бўйича ҳукумат матбуот хизмати: «Роман Скляр Қозоғистон томонининг Россия Федерацияси билан энергетиканинг барча йўналишлари бўйича, жумладан, шимолий ва шарқий ҳудудларни газлаштириш, Россия газини учинчи мамлакатларга етказиш ҳажмини ошириш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқлади», деб ёзган эди.
Interfax нашрининг ёзишича, Россия ҳукумати Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарияти билан Россия газини ички истеъмолнинг ўсиши ва Хитой олдидаги экспорт мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда Қозоғистон ва Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажмини ошириш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Бунинг учун газ етказиш инфратузилмасини модернизация қилиш ва ҳатто янги газ қувурларини қуриш талаб этилиши мумкин. Жумладан, Россия ҳудудида газ транспорти инфратузилмасини ривожлантириш учун 260 миллиард рублга яқин сармоя киритиш керак бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар