
Липецк вилоятидаги Новоуглянка қишлоғида махсус бўлинма ходимлари Украинадаги урушдан қочган 31 ёшли оддий аскар Дмитрий Перовни отиб ўлдирди, деб хабар бермоқда База телеграм канали.
Перов ўз уйининг ҳудудида ўлдирилган. Хабарларга кўра, махсус бўлинма ҳудудга кирган пайтда эркак молхонасидан чиқиб кетаётган эди. Унга қуролини ташлаб, ерга ётиш буюрилганда у ўқ уза бошлагани иддао қилинмоқда. У жавоб ўқидан отиб ўлдирилган.
РИА Воронеж хабарига кўра, Перовнинг ўлими Липецк вилояти ҳукумати матбуот хизмати томонидан расман тасдиқланди.
Дмитрий Перов 13 январь куни Россия Ички ишлар вазирлигининг хабарида 344-разведка полки жойлашган жойни ўзбошимчалик билан тарк этгани айтилган. У ўзи билан гранаталар, автомат ва бешта обоймани олиб кетган.
Калининград вилоятидан сафарбар этилган саккиз ҳарбий хизматчи ҳам қуролли тўқнашув пайтида қурол билан қочганлик ҳақидаги жиноий ишда айбланувчига айланди.
Гумонланувчиларнинг ўзлари терговчиларга маълум қилишича, улар 2022 йил 24 сентябрда сафарбар қилинган. 12 ноябрь куни Луганск вилоятининг Гладково ва Малая Александровка қишлоқлари орасидаги дала лагерига ўтказилган.
У ерда улар озиқ-овқат ва сифатли кийим-кечак билан таъминланмасдан, ертўлалар қуришга мажбур этилган. Декабрь ойининг охирида сафарбар қилинганлар фронтга жўнатилаётгани эълон қилинган, шундан сўнг улар «ҳаёт ва соғликни сақлаш учун» лагердан қочишга қарор қилишган.
Украинадаги фронтда ўз жойларини тарк этган 29 киши: «Биз бир неча ҳафта оч қолдик, ёрдам сўрадик, аммо рация орқали ҳеч ким жавоб бермади» дейишган.
Ҳарбий хизматчилар 23 декабрь куни озиқ-овқат ва фуқаролик кийимларини сотиб олиб, Липецк шаҳрига иккита такси буюртма қилишган. У ерда тунаб қолиб, кейин микроавтобуслардан ўтиб, Подолскка етиб келишган. Шаҳар чеккасида улар ихтиёрий равишда полицияга келиб, қўлларида бўлган қуролларни: тўртта пулемёт ва тўртта Калашников автоматини топширган.
Ҳарбий хизматчиларнинг айби исботланса, улар беш йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар