15:14 / 20.01.2023
489

Пригожин Клешчиевка эгалланганини айтди. Бу Бахмут мудофааси учун қандай хавф солади?

Пригожин Клешчиевка эгалланганини айтди. Бу Бахмут мудофааси учун қандай хавф солади?
Фото: Reuters
Евгений Пригожин ўз бошқарувидаги «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ёлланма жангчилари Бахмут шаҳридан жанубда жойлашган Клешчиевка шаҳрини эгаллашгани ҳақида айтди. Украина томони бу аҳоли яшаш манзили бой берилганини тасдиқламади, Россия мудофаа вазирлиги ҳам пайшанба кунги ҳисоботида бу посёлкани тилга олмаган.

Клешчиевка эгаллангани ҳақида Пригожин аудиохабарда айтган, расшифровка унинг матбуот хизмати томонидан эълон қилинган. У посёлка фақат унинг бошқарувидаги «Вагнер» ХҲК бўлинмалари томонидан эгаллангани»ни айтган.

Шу билан бирга, Пригожиннинг сўзларига кўра, Клешчиевка атрофида ҳамон шиддатли жанглар давом этмоқда. «Душман ернинг ҳар бир метрини қаттиқ ҳимоя қилмоқда. Украина қуролли кучлари Артемовскдан (Бахмутнинг 2016 йилга қадар бўлган номи) қочиб кетгани ҳақидаги турли хабарларга зид ўлароқ, ҳолат бундай эмас. Украина қуролли кучлари аниқ ва батартиб ишламоқда. Улардан ўрганадиган нарсаларимиз бор. Аммо нима бўлганда ҳам «Вагнер» ХҲК бўлинмалари қадамма-қадам илгариламоқда. Артемовск аҳоли яшаш манзили озод этилади», деган Пригожин.

Клешчиевканинг йўқотилиши Украина армиясига қандай хавф солади?

Бахмутдан беш километр жанубда жойлашган Клешчиевка шаҳарга боришни, шунингдек Константиновкадан келувчи ва шаҳардаги украин гарнизони таъминоти амалга ошириладиган йўлга чиқишни тўсиб туради.

Ўз олдига Бахмутни эгаллашни мақсад қилган Россия қўшинлари ўтган йил охирида шаҳарга ҳужумларни фаоллаштирганида уни шимол ва жанубдан ўраб олишга киришганди. Шимолдан асосий ҳужумлар Соледарга ва уни айланиб ўтиб Парасковиевка, Красная Гора ва Блаҳодатноега қилинмоқда. Жанубдаги Россия қисмлари Украина қуролли кучларини Бахмут жануби-шарқидаги Опитноедан сиқиб чиқаришди ва шаҳар жануби ва жануби-ғарбидаги Курдюмовка ва Клешчиевка томон ёпирилди.

Киевдагилар Бахмут атрофидаги аҳоли яшаш манзилларига ҳужум қилган «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари катта қурбонликлар бериш эвазига айрим ютуқларга эришганини маълум қилган. Икки томон ҳам ўз йўқотишларини очиқламайди. Россия мудофаа вазирлиги «Вагнер» ХҲК РФ қуролли кучлари тузилмаси таркибига кирмаслигини айтади - ўз-ўзидан ёлланма жангчилар орасидаги йўқотишлар Россия мудофаа вазирлигининг расмий статистикасидан жой олмайди.

Шунга қарамай, Россия қисмлари Бахмут шимоли ва жанубидан анча ичкарига кирган бўлиб, бу Украина қуролли кучлари қўмондонлигини шаҳар қуршовга тушиб қолмаслиги учун хавфли участкаларга шошилинч тарзда захира кучлари юборишга мажбур қилмоқда. Шу билан бир вақтда, Бахмут мудофаасидаги қисмлар ротация ҳам қилинмоқда.

Пригожиннинг баёнотини кимдир тасдиқлайдими?

Россия мудофаа вазирлиги расмийси генерал Конашенков 19 январ кунги сводкасида бошқа йўналишлардаги ҳарбий ҳаракатлар ҳақида гапирган. Бахмут ҳудудидаги ва айнан Клешчиевка қишлоғидаги жанглар ҳақида ҳеч нарса демаган.

Украина қуролли кучлари қўмондонлиги Пригожиннинг сўзларига муносабат билдирмади. Пайшанба куни бош штаб украиналик ҳарбийлар Бахмут атрофидаги қатор аҳоли яшаш манзилларига қилинган ҳужумларни қайтаришгани ҳақида маълум қилди. Саналган жойлар орасида Клешчиевка ҳам бор.

Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида ишлаётган россиялик ҳарбий мухбирларнинг кўпчилиги Пригожиннинг хабарини ҳеч қандай қўшимча изоҳсиз қайта нашр этган.

Россиянинг милитар телеграм-канали WarGonzo маълумотига кўра, Клешчиевка учун жанглар давом этмоқда.

«Бахмутдан жанубда «Вагнер» ХҲК Клешчиевкани штурм қилишда давом этмоқда. Шунингдек шаҳарнинг шарқий чеккаларида илгарилашга уринмоқда. Шимолда Красная Горага ҳужум қилинмоқда. Соледарадан ғарбда Благодатное томон юриш қилинмоқда. Шимолда, Соль станцияси устидан назорат бой берилгач, украин қўшини Бахмутка дарёси ортига чекинди», дейилади хабарда.

«Рыбарь» телеграм-канали эса Пригожиннинг Клешчиевка олингани ва қишлоқ атрофида жанглар кетаётгани ҳақидаги сўзларини тасдиқлаган.

«Клешчиевка бой берилиши Бахмутда ҳам, Часив Ярда ҳам Украина қуролли кучлари гарнизонлари учун катта хавф солади. Украина бўлинмалари Красноедан ғарбда жойлаштирилган стволли ва ўзиюрар артиллерия қуроллари (саккизта М777 гаубицаси ва М109 ўзиюрар артиллерия қурилмаси) кўмагида қарши ҳужум уюштиришга уринмоқда», - дейилган хабарда.

«Шу билан бирга, Часив Ярнинг ўзида истеҳкомларни мустаҳкамлаш ва қўшимча кучлар олиб келиш ишлари фаол олиб борилмоқда», дея қўшимча қилади канал муаллифлари.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг