date
views 273

АҚШ «Вагнер»ни «трансмиллий жиноий ташкилот» деб эълон қилади

АҚШ «Вагнер»ни «трансмиллий жиноий ташкилот» деб эълон қилади
Фото: РИА Новости
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби сўзларига кўра, Қўшма Штатлар «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясини «трансмиллий жиноий ташкилот» сифатида баҳолашга қарор қилган ва келаси ҳафта унга қарши янги санкциялар жорий этиш ниятида. Унинг жума куни бўлиб ўтган брифингдаги сўзлари ҳақида «ТАСС» хабар берди.

АҚШ Молия вазирлиги «Вагнер» гуруҳини «13581-сонли ижро қарори ва унга киритилган тузатишларга мувофиқ жиддий трансмиллий жиноий ташкилот» сифатида белгилайди. Шунингдек, ушбу квалификациядан келиб чиқиб, Қўшма Штатлар бир неча қитъаларда ташкилот ва уни қўллаб-қувватлаш тизимига қарши қўшимча санкциялар жорий қилади.

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси россиялик тадбиркор, «Путиннинг ошпази» номи билан танилган Евгений Пригожин томонидан ташкил этилган. Гуруҳ 2014 йилда Украинада, кейинчалик Сурия, Ливия ва Марказий Африка Республикасидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашгани ҳақида маълумотлар бор.

2017 йилда гуруҳ АҚШ санкциялари рўйхатига киритилди. 2021 йилда Европа Иттифоқи гуруҳни Украинанинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилишда, Сурия ва Ливиядаги вазиятни издан чиқаришда, инсон ҳуқуқларини қўпол бузганликда айблаб, санкциялар жорий қилди.

Шунингдек, БМТ ва Франция «Вагнер» жангчиларини Марказий Африка Республикасидаги зўравонликлар ва қотилликларда айблайди.

«Вагнер» Украинадаги урушда фаол иштирок этмоқда. Унинг таркиби асосан Россия қамоқхоналаридаги маҳбуслар ва кўнгиллилар билан тўлдирилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ «Вагнер»ни «трансмиллий жиноий ташкилот» деб эълон қилади