
Фото: AP
2019 йилнинг май ойидан бери Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Кирило Тимошенко Зеленскийга ишончи учун миннатдорчилик билдириб, истеъфога чиқаётганини тасдиқлади.
Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирило Тимошенко ўз лавозимидан кетиши ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. 24 январь, сешанба куни амалдор Telegram'да 23 январдаги аризаси суратини жойлаштирди.
У давлат раҳбари Володимир Зеленскийга ишонч учун миннатдорлик билдирди. Вилоят ҳарбий маъмуриятлари бошлиқлари, шаҳар мэрлари, шунингдек, давлат раҳбари офисининг ҳудудий сиёсат бўйича дирекцияси жамоаси номига алоҳида ташаккурномалар айтилди.
«Бизнинг ишимизга ишонч билдиргани учун барча украиналикларга раҳмат. Мамлакатимизни сақлаб қолган ва ҳимоя қилган Украина Қуролли кучларига раҳмат», деб ёзади Кирило Тимошенко. Шунингдек, у хотини ва ўғли томонидан «тушуниш ва қўллаб-қувватлов»ни қайд этди.
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг расмий веб-сайтида 23 январдаги мансабдор шахсни ишдан бўшатиш тўғрисидаги фармон эълон қилинди – «берган аризасига кўра».
Тимошенко 2019 йилнинг май ойидан бери ушбу лавозимда ишлаб келаётганди.
Украина президенти Володимир Зеленский аввалроқ турли даражаларда бўлажак кадрлар ўзгариши ҳақида маълум қилганди. «Шунингдек, вазирликлар ва марказий ҳокимиятнинг бошқа тузилмалари, ҳудудлардаги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги турли даражадаги раҳбарларга тегишли кадрлар бўйича қарорлар ҳам бор – кимдир бугун, кимдир эртага», — деди у урушнинг 334-кунидаги видеомурожаатида. «Украинская правда» нашри манбаларга таяниб, хусусан, Тимошенко истеъфога чиққани ҳақида хабар берди.
Bihus.Info мустақил суриштирувчи журналистлар гуруҳи аввалроқ амалдор General Motors Украинага гуманитар миссиялар учун совға қилган Chevrolet Tahoe йўлтанламас автомобили ҳайдаб юргани ҳақида хабар берган эди. Тимошенконинг айтишича, у машинадан эгаллаб олинган ҳудудларга бориш учун фойдаланади ва машина Давлат ишлари бошқармаси балансида. Бундан ташқари, Кирило Тимошенко минтақавий сиёсатга аралашгани учун танқид қилинди, бу кўпчилик томонидан ўзини ўзи реклама қилиш сифатида кўрилган, деб таъкидлайди «Украинская правда».
Нашрнинг ёзишича, Тимошенко ўрнига Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Алексей Кулеба тайинланиши мумкин. Ўз навбатида, РБК-Украина агентлиги Тимошенко Херсон вилояти ҳарбий маъмуриятига раҳбарлик қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар