
Грузияда разведка ва жанговар учувчисиз парвоз аппаратларини оммавий ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. 27 январь куни Мудофаа вазирлигининг «Крцаниси» полигонида илк синов парвозлари бўлиб ўтди, дея хабар беради ҳукумат сайти. Қайд этилишича, бу Грузия ва Полшанинг қўшма лойиҳасидир.
Гап Грузия-Польша ҳамкорлигида ишлаб чиқариладиган WARMATE ва FLYEYE дронлари ҳақида бормоқда. FLYEYE разведкачи учувчисиз аппарати барча иқлим зоналари ва радиоэлектрон шароитларда юқори аниқликдаги вазифаларни бажаришга мўлжалланган. Унинг ёрдамида ҳарбийлар реал вақт режимида яширин кузатувни амалга ошириши мумкин. WARMATE дрони бошқа вазифаларни бажаради. Бу юқори зарба аниқлигига эга жанговар дрон. У Польша армияси ва НАТО давлатларининг бошқа қўшинлари томонидан қўлланилади.
«Биз Грузияда разведка ва “камикадзе" учувчисиз учиш аппаратларини апрель ойидан бошлаб оммавий ишлаб чиқаришни бошлаймиз”, деган Грузия мудофаа вазири Жуаншер Бурчуладзе.
“Delta International” ва Полшанинг WB Electronics S.A. шўба корхонаси “Delta Webe” томонидан йилига бир неча юзта дрон ишлаб чиқарилади.
Бундан ташқари, “Delta Webe” Грузияда биринчи дронларни бошқаришни ўргатувчи марказ очади. Марказнинг профессионал инструкторлари Мудофаа вазирлиги ходимларини қайта тайёрлашни амалга оширади, дейилади хабарда.
2022 йилда Польша қурол ишлаб чиқариш бўйича Шарқий Европада етакчилардан бирига айланди. Бунга Россиянинг Украинада бошлаган уруши сабаб бўлди. Польша Киевга қурол етказиб бериш ҳажми бўйича АҚШ ва Буюк Британиядан кейин учинчи давлат бўлди, дея хабар беради Киль Жаҳон иқтисодиёти институти.
Украинадаги уруш Шарқий Европа компанияларига ишлаб чиқаришни кучайтириш ва янги бозорларга чиқишни режалаштириш имконини берди, дейди Reuters агентлигига Полшанинг PGZ мудофаа компанияси бош директори Себастьян Чвалек.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар