15:15 / 31.01.2023
248

Эксперт: Пандемия халқаро можароларга туртки берди

Эксперт: Пандемия халқаро можароларга туртки берди
AzonTV нинг “Фикрат” таҳлилий дастурида бевосита экспертлар иштирокида муҳокама этиладиган мавзулар нафақат маҳаллий, балки халқаро ижтимоий-сиёсий муаммоларни ҳам қамраб олмоқда. Айниқса, Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан дунё тартиботида эврилишлар юз бергани мунозаралар марказида қолмоқда.

Бу уруш бошланиши ортидан юз берган воқеалар - гўёки резина ичакдаги тиқин отилиб кетиб, босим остида турган сув отилиб тушишига ўхшайди. Бу ҳатто айрим давлатлар учун чорак асрдан бери ҳал бўлмаётган муаммоларни ҳал қилиш учун баҳона ва ирода топиб берди. Озарбайжондаги охирги воқеалар, Хитой-Тайвань масалаларини бунга мисол қилиш мумкин.

Буни қайсидир маънода Ғарб ва Россия Украина билан овора бўлиб турганидан фойдаланиб қолишмоқда, дейиш мумкинми? Бу саволга “Фикрат” кўрсатувининг эксперти, сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг муносабати билан қизиқдик.

- Буни фойдаланиб қолиш, деб баҳоламаган бўлардим, дейди экспертимиз. – Аслини олганда, халқаро муносабатлар тарихида, агар эрамиздан олдинги урушлардан то бугунгача – руслар Украинага босқинига қадар бўлган минтақавий низоларнинг сабаблари ва уларни ҳаракатга келтирувчи куч нималигини ўрганадиган бўлсак, битта хулосага келамиз: уруш қандайлигидан қатъи назар, ўз ўлчовига эга бўлади. Яъни, урушни бошқариб турувчи қонуниятлар мавжуд.

Бу ерда яна бошқа бир жиҳатга эътибор қаратмоқчи эдим. Тарихдан маълумки, агар бирор давлат урушда ютқазаётган бўлса, жамият эътиборини бошқа можароларга қаратиб, чалғитишга ҳаракат қилади. Украинадаги урушни ҳам шундай чалғитиш оқибати, деб тахмин қилиши мумкин. Украинадаги уруш давом этишидан АҚШ эмас, кўпроқ Россия манфаатдор. Бошқа жойларда кескинлик кучайса, халқаро ҳамжамият эътибори шу можаро билан овора бўлиб қолади. Ҳамда унга, қайсидир маънода, маънавий ва технологик зарбани юмшатувчи омил, деб қаралади. Шу маънода, Украина ва Озарбайжондаги можаоларни Россиянинг халқаро ҳамжамиятни чалғитишга уриниш, дея баҳолаш мумкин
.

- Мен бошқа омилни сабаб қилиб кўрсатган бўлардим, дея суҳбатга қўшилади сиёсатшунос Ҳамид Содиқ. – Бу можаролар кўпайганини инсоният тарихида кам учровчи COVID-19 пандемияси юз бергани билан боғлаган бўларди. Умуман, бир қанча социолог ва политологларнинг ҳам фикрларини ўргандим. Уларга кўра бундай пандемиялар, ёки ҳали инсоният узоқ вақтдан бери кўрмаган маълум бир жараёнлар ўша жамиятларда ҳали кўринмаётган касалликлар, яъни муаммолар юзага чиқишига сабабчи бўлади, деб хулоса қилишган.

Яъни бу бевосита ўша Қорабоғ урушнинг ҳам ёки бўлмаса Россиянинг Украинага урушида ҳам бир учқун берган. Бу учқунни оловлантирган жараён сифатида мен пандемияни кўрсатган бўлардим. Чунки бугунги кунда Россия Украина уруши сабабли бутун дунёда жудаям катта қурол бизнеси билан боғлиқ ноқонуний жараёнлар авж олди. Бундай воқеалар занжирига пандемия сабабчи бўлди
, дейди сиёсатшунос Ҳамид Содиқ.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг