date
views 506

Назарбоевнинг укаси Қозоғистонда 300 минг гектар ерни давлатга қайтарди

Назарбоевнинг укаси Қозоғистонда 300 минг гектар ерни давлатга қайтарди
Фото: Tengrinews.kz.
Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси Болат Назарбоевнинг шуъба корхоналарига қарашли деярли 300 минг гектар ер давлатга қайтарилди. Бу ҳақда ҳукмрон Amanat партияси ҳузуридаги Давлат бошқарувини ривожлантириш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика жамоат кенгаши раиси Ерлан Саиров маълум қилди, деб ёзди Tengrinews.

Унинг аниқлик киритишича, олиб қўйилган 239 минг гектар ер Манғистоу вилоятида, яна 60 минг гектари эса Жамбил вилоятида жойлашган.

«Партиямизнинг асосий вазифаси хусусий қўлларга ноқонуний ўтган миллий бойликларни ўз ҳолига қайтаришдир. Бу ишларни тизимли равишда олиб борамиз. Фамилиянинг «машҳурлиги», ўтмишдаги хизматлари ва ҳамённинг қалинлиги адолатни тиклашга тўсқинлик қилмайди. Одамлардан тортиб олинганми? Қайтариб берасиз», деди Саиров.

Аввалроқ, Қозоғистон Бош прокуратураси билан ҳамкорликда 244 гектардан иборат 59 та ер участкаси аниқланган бўлиб, уларнинг эгаси «шубҳали ҳолатда Болат Назарбоевга айланган», дейилади Amanat партияси матбуот хизмати хабарида. Ҳужжатларга кўра, бу ерлар коттеж, маъмурий бино ва бозор қуриш учун сотиб олинган. Уларнинг нархи юзлаб миллион долларга баҳоланмоқда.

Болат Назарбоев Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси, 1953 йил 23 мартда туғилган. Меҳнат фаолиятини 1988 йилда «Шамлган» совхозида механизатор, директор ўринбосари сифатида бошлаган. Ўтган йиллар давомида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган, «Инкар Агро» МЧЖ вице-президенти бўлган. 1997 йилдан БН Инвест холдинг директори.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Назарбоевнинг укаси Қозоғистонда 300 минг гектар ерни давлатга қайтарди