06:30 / 04.02.2023
460

АҚШ осмонида разведка шари учиб юрибди

АҚШ осмонида разведка шари учиб юрибди
Шар илк марта Монтана устида кузатилган. АҚШ расмийлари мамлакатнинг шимолий қисмида разведка шарини пайқаб қолди ва ҳозир уни диққат билан кузатмоқда. Пентагон шар Хитойга тегишли деб ҳисоблайди.

«АҚШ ҳукумати ҳозирда Шимолий Америка материги узра юқори баландликда учиб кетаётган разведка шарини аниқлади ва кузатмоқда», — дейилади ҳарбий департамент хабарида.

Америка матбуотининг ёзишича, Пентагон ҳаво шари Хитойга тегишли эканига шубҳа қилмайди. АҚШ ҳукумати Хитойга объект ҳақида сўров юборган. Шарнинг ўлчамлари катталиги боис ҳозирча уни уриб туширишмаган.

«Мен аниқ ўлчамларини айта олмайман. Тахминимизча, агар уни уриб туширсак, парчалари вайронагарликка сабаб бўлиши мумкин», деган Пентагон вакили. «Гарчи шар катта баландликда бўлсада, учувчилар уни кўргани ҳақида хабарлар бор».

Маълум қилинишича, ҳаво шари фуқаро авиацияси учун хавф туғдирмайди, чунки у самолётлар учадиган қатламдан баландда жойлашган.

Пентагон матбуот котиби Патрик Райдернинг баёнотида: “Шар ҳозирда тижорий ҳаво қатновидан сезиларли даражада баландроқ фазода учмоқда ва ердаги одамларга ҳеч қандай хавф туғдирмайди”, дейилади.

Унинг сўзларига кўра, бундай воқеалар илгари ҳам содир бўлган.

NBC телеканали хабарига кўра, чоршанба куни АҚШ ҳарбий қўмондонлиги ҳодиса ва эҳтимолий жавоб чораларини муҳокама қилиш учун йиғилган. АҚШ президенти Жо Байденга ҳаво шари аниқлангани ҳақида хабар берилган.

NBC манбаларининг таъкидлашича, объект топилганидан сўнг самолётлар, жумладан, бешинчи авлод F-22 Raptor қирувчи самолётлари, шунингдек, радарни аниқловчи самолёт ҳам ҳавога кўтарилган.

Хитой ҳозирча воқеага изоҳ бермади.

Шар биринчи марта чоршанба куни Монтана штатининг Биллингс шаҳри осмонида кузатилган. Тахминларга кўра, бунгача объект Канада ҳудуди устидан учиб ўтган.

Вашингтонга кўра, Америка Қўшма Штатлари устидан учаётган Хитойга тегишли, деб иддао қилинган шар Америка оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзусига айланди:

Wall Street Journal: Шу фонда Блинкеннинг Пекинга бўладиган ташрифи бекор қилиниши мумкин. Шар ҳақида биринчи марта йўловчи самолёти бортидаги одамлар хабар берган, объект Шимолий Америка Аэрокосмик Мудофаа Қўмондонлиги (NORAD) томонидан аниқланмаган.

Washington Post: Ҳозир Филиппинда бўлган Пентагон раҳбари армия вакиллари билан учрашув ўтказиб, АҚШ бу ҳолатга қандай жавоб бериши кераклигини баҳолади. Нашрнинг ёзишича, ҳаво шарини уриб туширмаслик бўйича тавсияни АҚШ штаблари бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал Марк Милли берган.

Politico: Шар қитъалараро баллистик ракеталар базалари устида учар экан, у разведка маълумотларини тақдим этиш нуқтаи назаридан «чекланган қийматга» эга. Ҳарбийларнинг фикрига кўра, Хитой шунга ўхшаш маълумотларни бошқа йўл билан, масалан, сунъий йўлдошлар ёрдамида тўплаши мумкин.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг