
Фото: CNN
Туркия ва Сурия чегарасида 6 февраль куни эрталаб содир бўлган кучли зилзила оқибатида қурбон бўлганларнинг умумий сони, сўнгги маълумотларга кўра, 7800 кишидан ошди.
Туркияда 5894 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди, 34 мингдан ортиқ киши жароҳатланди, деб хабар берди 8 февраль, чоршанбага ўтар кечаси Туркия вице-президенти Фуат Ўқтай. Ҳукумат ва исёнчилар назорати остидаги ҳудудларда ишлаётган қутқарувчилар маълумотларига кўра, Сурияда камида 1932 киши ҳалок бўлган.
Dpa агентлиги Сурия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Оқ дубулғалар» ташкилоти маълумотларига таяниб, Сурияда 2270 кишининг ўлими ҳақида хабар берди ва иккала мамлакатда жами 8100 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини таъкидлади.
Мутахассислар қидирув-қутқарув ишлари давом этар экан, қурбонлар сони ортиб боришидан хавотирда. Қутқарувчиларнинг иши ноқулай об-ҳаво шароити туфайли мураккаблашмоқда.
«Ҳозирда бу вақт билан пойга. Ҳар дақиқа, ҳар соат омон қолганларни топиш имконияти камайиб бормоқда», дея маълум қилди Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус.
ЖССТ вакили Аделхайд Маршангнинг сўзларига кўра, Туркия ва Суриядаги зилзила оқибатида 23 миллион киши жабр кўрган бўлиши мумкин. Бирлашган миллатлар ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) вакили Жеймс Элдер вайроналар остида минглаб болалар ҳалок бўлгани борасида хавотир билдирди.
7,8 магнитудали зилзила, кейин бир неча соатдан кейин деярли шундай кучга тенг яна бир зилзила оқибатида минглаб бинолар, жумладан, шифохоналар, мактаблар ва турар жойлар вайрон бўлди, Туркия ва Сурия шимолида сон-саноқсиз одамлар бошпанасиз қолди.
Хорижий давлат раҳбарлари ҳалокатли табиий офат муносабати билан ҳамдардлик билдирди ва ҳар томонлама ёрдам таклиф этди. БМТ зилзила қурбонларига ёрдам бериш учун 25 миллион доллар ажратилишини эълон қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар