00:05 / 11.02.2023
911

Туркиядаги зилзилада мўъжизавий тарзда тирик қолганлар ҳикояси

Туркиядаги зилзилада мўъжизавий тарзда тирик қолганлар ҳикояси
Фото: Reuters
Туркия ва Сурияда 6 февраль куни юз берган зилзила қурбонлари сони 23 мингдан ошди. Вайроналар остида қолиб кетганларни қутқариш ишлари давом этмоқда, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони эса соат сайин ошмоқда. Jumhuriyet нашри зилзиладан омон қолганлар ва ҳалок бўлганларнинг ҳикояси билан бўлишди.

Туркиянинг Хайруллоҳ туманида журналистлар вайрон бўлган уйлардан бирининг ёнида йиғлаётган маҳаллий фуқаро Налан Шимшекни учратди. Аёл зилзила юз беришидан уч кун олдин қизига уй сотиб олганини айтди.

Қизимга уй эмас, қабр сотиб олдим. Зилзиладан олдин у менга қўнғироқ қилди. Ётоқхона тўпламини сотиб олганини айтиб, мени ҳайрон қолдирмоқчи бўлди. Шундан сўнг душ қабул қилиб, ётишини айтди. Энди эса қизим йўқ”, — дейди аёл. Ҳозирча қизнинг тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

Фото: AP Photo
Ҳозирда бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолатда қидирув ишлари олиб борилмоқда. Бироқ қутқарув гуруҳлари ҳали етиб келмаган ҳудудлар ҳам бор. Зилзила юз берган ҳудудларда қор ёғиши ва ҳавонинг кескин совиши қутқарувчилар ишига таъсир кўрсатмоқда. Совуқ ҳаво бошланишидан олдин омон қолганларнинг максимал сонини сақлаб қолиш учун жамоалар имкон қадар тезроқ ишлаган.

Зилзиладан сўнг Туркия жануби-шарқидаги Диярбакир вилоятига бир неча ўнлаб қидирув-қутқарув гуруҳи жўнатилди. Қутқарувчилар бинолардан бирини ўрганиш чоғида ёш йигитни топди.

Вайроналар остида опам бор, унинг аҳволи яхши. Шунингдек, акам ҳам у ерда, овозини эшитяпсизми?”, — деди у қутқарувчиларга.

Мендерес ҳудудида вайроналарни тозалаш билан шуғулланаётган қутқарувчилар вайроналар остидан эшитиладиган товушларга эътибор қаратган. Кекер-Ситесидаги 10 қаватли бино харобалари устида иш олиб бораркан, жамоалар 15 ойлик чақалоқни қутқарган. У вайроналар остида 31 соатча қолган. Чақалоққа биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага етказилган. Тахминларга кўра, унинг онаси ҳамон вайроналар остида, қутқарувчилар уни тирик топиш умидини узмаяпти.

Ҳатто Қаҳрамонмарашнинг ўзида ҳам қутқарувчилар омон қолганларни топишга муваффақ бўлмоқда. Зилзиладан бир кун ўтиб вайроналар остидан топилган 14 ёшли ўсмирнинг қутқарилиши мўжиза деб аталди.

Фото: AP Photo
Зилзила бошланган пайтда Халқаро миграция ташкилоти матбуот котиби Олга Борзенкова Туркиянинг энг кўп жабрланган шаҳарларидан бири бўлган Газантепда эди.

Ер силкиниши бошланганда мен Туркия жануби-шарқидаги юз минглаб бошқа аҳоли каби қаттиқ уйқуда эдим. Зилзила зонасида тўсатдан уйғонган одам нимани ҳис қилишини тасвирлаш мен учун қийин. Бу бутунлай сурреал эди. Пол ва деворлар кучли қимирлади, учинчи қаватдан кўчага отилар эканмиз ягона орзумиз тезроқ ҳар қандай бинолардан узоқроққа бориш эди.

Бу ҳаётимда бошдан кечирган энг қўрқинчли даҳшатнинг олтмиш сонияси эди. Бироз тинчланиб, силкиниш тугаганини англаганимизда, ёмғир ёғаётганини ва ташқари совуқ эканини ҳис қилдик. Оёқларимиз гўёки желе каби эди, худди танамиздан алоҳида бўлгандай. Атрофдаги ҳамма кимгадир қўнғироқ қиларди ё қичқирарди.

Иккинчи силкинишлар сериясидан омон қолишимиз мумкин бўлган жойни топиш учун бизга бироз вақт керак бўлди. Бу мактаб ҳудудида эди. Юзлаб одамлар баскетбол майдонида ўтирди, ётди ёки турди. Бу вақтда кўпчилик қариндошларига тирик ва хавфсиз жойда эканини хабар қилаётганди
”, — деган у.

Туркиядаги зилзила юз берганидан сўнг 90 дан ортиқ давлат ўз ёрдамини таклиф қилди. Улар қаторида Ўзбекистон ҳам Туркияга 100 кишидан иборат қидирув-қутқарув отрядини жўнатди. Қидирув-қутқарув операцияси бошланганидан буён Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари 13 нафар жабрланган ва 64 нафар ҳалок бўлганларни вайроналар остидан олиб чиқди. Бундан ташқари, ўзбекистонлик қутқарувчилар 102 соат давомида вайроналар остида бўлган 32 ёшли эркакни қутқариб қолган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг