
Хитой жанубидаги Гуандун провинциясида 2022 йилда ЯҲМ ҳажми қарийб 2 трлн долларни ташкил қилди. Гуандун бу жиҳатдан Жанубий Корея, Канада, Австралия, Бразилия ва бошқа қатор ривожланган мамлакатлар билан бир сафда ёки юқорироқда туради. Таажжубланарлиси, мазкур провинция бу даражага қисқа муддатда эришган.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда Хитойнинг Гуандун провинцияси тажрибасини ўрганди.
Гуандун провинцияси иқтисодий жиҳатдан қисқа муддатда ақл бовар қилмас даражада ривожланган. 2022 йилда провинцияда ЯҲМ ҳажми 12,8 триллион юанни (1,9 трлн АҚШ доллари) ташкил қилган. Бу рақам бир қатор ривожланган мамлакатларникидан юқорироқ. Хўш, Гуандун муваффақиятининг сири нимада?
Чуқур ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, бунинг сири ҳудудга инфратузилмалар, тадбиркорлар, ишчи кучи, билим, институционал муҳит ва молиявий ресурсларни йиғиш билан боғлиқ бўлган.
Жумладан, тадбиркорлар учун коммунал хизматлар билан тўлиқ таъминланган махсус ҳудуд ёки қишлоқлар барпо этилган (давлат ҳамма жойда кам-кам эмас, бир жойда мукаммал инфратузилма яратган). Шунингдек, “Учтаси биттада” лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бунда ишчилар қўшни қишлоқлардан келиб ишлаши инобатга олиниб, 3 қаватли бинолар барпо этилган. Уларнинг 1-қаватида дўкон ёки омбор, 2-қаватида ишлаб чиқариш, 3-қаватда ишчилар яшаши учун жой ҳозирланган.
Бундан ташқари, провинциясида фақат махсус ҳудудлардан ўтувчи йўллар кенгайтирилиб, темирйўл станциялари барпо этилган, корхоналарга қўшимча ётоқхоналар қуриш учун давлат томонидан субсидиялар ажратилган ҳамда пулли йўллар қурилиб, тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилган.
Мазкур ислоҳотлар махсус шаҳарларни юзага келтирди. Кириб келган инвестициялар, янги технологиялар натижасида Гуандун бутун мамлакатга кийим-кечак, кулолчилик маҳсулотлари, электр техника товарлари, мебель, озиқ-овқат, вино, оғир техника, автомобиллар, кичик юк автомобилларини етказиб бера бошлади. Давлат томонидан инфратузилмаларни яратишга катта эътибор берилиши хорижий компаниялар учун Гуандунни Хитойнинг кириш дарвозасига айлантирди.
Гуандуннинг ўзи бизнес учун ҳамма шароитларни мужассам этган махсус иқтисодий зона мақомига эга. Бу мақом хориждаги хитойликлар ҳудудга сармоя киритишига сабаб бўлди. Улар сармоя киритиш, капитал, асбоб-ускуналар, янги технологиялар ва бошқаларни олиб келиш учун саъй-ҳаракатини аямади.
Хитой ва унинг провинциялари муваффақиятининг асосида аввало инсон капиталининг инфратузилмалар томон, ривожланишнинг юқори босқичида эса инфратузилмаларнинг инсон капитали томон йўналтирилиши ётади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар