21:44 / 12.02.2023
221

Туркиядаги кўнгилли ватандошлар: «Узоқ муддатли ёрдам бериш ҳақида ўйлашимиз керак»

Туркиядаги кўнгилли ватандошлар: «Узоқ муддатли ёрдам бериш ҳақида ўйлашимиз керак»
Адҳамжон Абдураҳмон ҳозирда Туркиянинг зилзиладан талафот кўрган ҳудудларидан бири Элбистон шаҳрида. Айни пайтда у ерда жамоаси билан инсонларга овқат тайёрлаб улашмоқда. Ватандошимиз билан онлайн боғланганимизда, у бизга ўзи гувоҳ бўлаётганлари ҳақида гапириб берди.

«Бу ерда уйлар ер билан битта бўлиб кетган. Кўпроқ ишчилар бор ҳозир. Аҳолининг кўпи шаҳарни тарк этган, қолган аҳоли чодирларга жойлашган.

Бу даражада деб ўйламаган эдик. Катта эҳтиёж бор экан иссиқ овқатга. Ҳозир кўпайтиряпмиз, учта қозонда овқат қилиб тарқатяпмиз. Биринчи ён-атрофимиздаги кишиларга тарқатамиз, кейин машинада бошқа жойларга ҳам етказамиз. Асосан ишчиларга етказиб беряпмиз. Баъзида етмай қолиши ҳам мумкин. Истанбулдан яна бир юк машинасида озиқ-овқат ва жамоа йўлга чиққан.

Афшинда эҳтиёж йўқ экан, шунинг учун бир-икки кун Элбистонда бўламиз. Бу ерда ҳам бизга эҳтиёж сезилмаса, бошқа жойга борамиз. Қаерда бизга эҳтиёж бўлса, ўша ерга кетаверамиз биз. Баъзи жойларда исроф бўляпти чунки.

Ҳозир ҳамма ваҳимада. Биз ўзимизни босиб олишимиз керак. Одамлар уй-жойсиз, ҳамма нарсасидан айрилган, асл муаммолар энди чиқа бошлайди. Турк халқи бу муаммолар билан кўп яшайди ҳали...Турк халқининг мусибатида бирлашган халқимиздан миннатдорман. Мен ўзбеклигимдан яна бир бор ғурур туйдим
».

Registon TV жамоаси зилзиладан азият чекканларга ёрдам бериш учун «Турк халқига кўмак» лойиҳасини олиб боришяпти. Унга нафақат Ўзбекистон ва Туркияда яшовчи ватандошларимиз, балки бутун дунё ўзбеклари қўшилишмоқда. 11 феврал ҳолатига кўра лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун 3 млрд 200 млн сўмдан ошиқ пул йиғилган.

«Шу ишлар билан шуғулланаётган ташкилотлар билан ҳамкорлик қиляпмиз. Маблағнинг бир қисмини уларга ўтказиш орқали ёрдамни керакли жойларга етказиш ҳақида ҳам ўйлаяпмиз. Чунки биз айнан қаерга қандай ёрдам кераклигини билмаймиз. Ёрдам ташкилотлари режа асосида бизни қаерга йўналтирса, ўша ерга боряпмиз. Бу муаммоларни бартараф қилиш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиляпмиз. Турклар ҳам буни билиб туришибди, эътироф этишяпти ва жуда таъсирланишяпти», – дейди лойиҳага кўмаклашаётган журналист Абдукарим Мирзаев.

Унинг айтишича айни пайтда ёрдам беришни тўғри йўлга қўйиш муҳим. Чунки зилзиладан азият чекканларга узоқ муддатли ёрдам керак бўлади.

«Зилзила бўлган ҳудудларда одамнинг кўплиги муаммони ечмайди, қайтага кўпайтиради. Чунки яшаш жойлари масаласида муаммолар бор. Бу нарсалар ўзбошимчалик билан қилинадиган ишмас. Зилзиладан зарар кўрганлар бошқа вилоятларга кетяпти, уларга ёрдам бериш керак. Бир неча кун фалокат жойига бориб ёрдам бериш эмас, ҳали узоқ вақт давом этади бу асорат. Шунга кўра ҳаракат қилишларини тавсия этган бўлардим. Давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга ошириш керак бу ишларни. Ўзбошимчалик билан муаммони ечмаймиз, уни яратамиз», - дея қўшимча қилди ватандошимиз.

Маълумот берилишича, «Турк халқига кўмак» лойиҳаси доирасида бир гуруҳ йигитлар озиқ-овқат маҳсулотлари ва исиниш учун керакли жиҳозларни тарқатиш; жамоанинг яна бир қисми газ ва электр йўқ ҳудудларга кўмир етказиб бериш; бир гуруҳ кўнгиллилар айнан қутқарув ишлари олиб борилаётган жойларда иссиқ овқат тайёрлаб тарқатиш ишлари билан шуғулланишмоқда. 30 нафар ватандошимиз эса Истанбулдан ҳудудларга таъминотни етказиб бермоқда. Бундан ташқари келаётган ҳафтадан бошлаб йиғилган пуллар ҳисобидан зилзиладан азият чекканларга икки минг лирадан (100 $) тарқатиш ишлари бошланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркиядаги кўнгилли ватандошлар: «Узоқ муддатли ёрдам бериш ҳақида ўйлашимиз керак»