17:20 / 18.02.2023
452

Болгарияда юк машинасида 18 афғон қочқинининг жасади топилди

Болгарияда юк машинасида 18 афғон қочқинининг жасади топилди
Фото: AP
София яқинида Афғонистондан бўлгани тахмин қилинаётган қочқинлар юк машинасидан топилди. Омон қолганлар шифохонага етказилган.

Болгарияда ташлаб кетилган юк машинасидан 18 нафар қочқиннинг жасади топилди. Дастлабки маълумотларга кўра, улар бўғилиб қолган, деди Болгария прокуратураси вакили 18 февраль, жума куни кечқурун. Ўткинчилар Софиядан 20 километр узоқликда ташлаб кетилган юк машинасини топиб, полицияга хабар беришган.

Юк машинасида ўтин уюмлари орқасига яширинган 52 нафар қочқин бўлган. Дастлабки расмий маълумотларга кўра, улар Афғонистондан. Полиция маълумотларига кўра, 18 қочқин жасадлари топилишидан 10-12 соат олдин вафот этган. Омон қолган 34 киши касалхонага ётқизилган. Улар совқотиб кетган ва бир неча кундан бери овқат емаган.

Баъзи маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида 6-7 ёшли бола бор, бошқа хабарларга кўра - қурбонларнинг энг ёши ўсмир йигит бўлган. Қочқинларни олиб кетаётган контрабандачилар қочиб кетишган. Полиция Болгариянинг тўрт нафар фуқаросини гумон қилиб ҳибсга олди.

Европа Иттифоқининг бир қисми бўлган Болгария жанубда Туркия билан чегарадош. Охирги пайтларда бу чегара орқали Европа Иттифоқига киришга уринаётганлар сони ортди. Шу муносабат билан Болгария тиканли симлар билан мустаҳкамланган 234 километрлик қўшма чегара бўйлаб назоратни кучайтирди.

Болгария Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йили Болгария чегарачилари чегарани ноқонуний кесиб ўтишга бўлган 164 минг уринишни тўхтатган. Бир йил аввал ноқонуний кесиб ўтишларнинг олдини олиш кўрсаткичи 55 мингтани ташкил этган эди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг