![Ғарб ва Украинада Путиннинг нутқи танқид қилинди](/uploads/posts/2023-02/yjhwfhhdym_4rabzsinjcano82juq05.jpg)
Фото: Shutterstock
Оқ уй Украинадаги уруш учун жавобгарлик Россия зиммасида эканлигини таъкидлади. Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Подоляк Россия Федерацияси президенти «реаллик билан алоқани йўқотганини» айтди.
Россия президенти Владимир Путиннинг 21 февраль, сешанба куни Федерал Мажлис олдидаги нутқида у Россиянинг Стратегик ҳужум қуроллари бўйича шартномадаги (СҲҚ) иштирокини тўхтатганини эълон қилди, шунингдек, Ғарбни уруш бошлашда айблади. Бу Украинада, Ғарбда катта резонансга сабаб бўлди.
Масалан, АҚШ президенти Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Россия президентининг Ғарбга қарши айбловларини «абсурд» деб атади. «Ҳеч ким Россияга ҳужум қилмади. Россия Украина ёки бошқа биров томонидан қандайдир ҳарбий таҳдид остида, деган фикр абсурддир», - дея унинг сўзларини келтиради The Financial Times.
«Агар Россия Украинадаги жангларни тўхтатиб, ватанига қайтса, уруш тугайди. Агар Украина урушни тўхтатса ҳамда АҚШ ва коалиция (Украинанинг ғарбий иттифоқчилари) унга жанг қилишда ёрдам беришни тўхтатса, Украина жаҳон харитасидан йўқолади. Бу сизга ҳамма нарсани, уруш учун ким масъул эканлиги ҳақида билишингиз керак бўлган нарсаларни кўрсатиб беради, деб ўйлайман», деди Салливан.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россиянинг СҲҚ шартномасидаги иштирокини бир томонлама тўхтатиб қўйиш ниятидан афсус билдирди ва Россия президентини «ўз қарорини қайта кўриб чиқишга ва амалдаги шартномаларга риоя қилишга» чақирди.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам Россиянинг СҲҚ-3 шартномасида иштирокини тўхтатиш қарорини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, бу «энг юқори афсусга лойиқ ва масъулиятсизликдир». «Биз Россия аслида нима қилаётганини диққат билан кузатиб борамиз», деб ваъда берди у Афинага ташрифи чоғида.
Шу билан бирга, Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Reuters агентлигига берган изоҳида Путин «реаллик билан алоқани бутунлай йўқотди» деган фикрни билдирди. «У мутлақо бошқа воқеликда яшаяпти, у ерда адолат ва халқаро ҳуқуқ бўйича мулоқот ўтказиш имконияти йўқ», — деди Подоляк. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар