12:30 / 22.02.2023
417

Украина ташқи ишлар вазири: Ғарб етарлича ҳаракат қилмади

Украина ташқи ишлар вазири: Ғарб етарлича ҳаракат қилмади
Фото: Getty Images
Брюсселда Украина-НАТО-Европа Иттифоқи форматидаги биринчи учрашув бўлиб ўтди. Унинг асосий мақсади Киев ва унинг ҳамкорлари ўртасида мувофиқлаштиришни яхшилаш ва қурол харид қилиш тартибларини соддалаштириш бўлди.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 21 февраль, сешанба куни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ва Европа Иттифоқи дипломати Жозеп Боррел билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида Ғарбнинг ёрдами Украина учун етарли бўлмади, деди. «Агар биз ғалаба қозонганимизда ва ўшанда мен шу ерда турган бўлганимда, мен: ҳа, етарли нарса қилинди, деб айтган бўлардим. Бу содир бўлмагунча - етарли эмас», деди у.

Кулебанинг сўзларига кўра, бу уруш бунчалик узоқ давом этишини ҳеч ким кутмаган ва ўқ-дорилар тақчиллиги масаласи биринчи марта ёз охирида кўтарилган. Ўшандан бери уларнинг ишлаб чиқарилиши кенгайтирилди, аммо логистикада янги муаммолар аниқланди. «Қурол ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар ўртасида бўшлиқ аниқ бўлди, - деди вазир. - Яъни - процедуралар йўқлиги ва бу қандай ишлаши кераклигини тушуниш».

Унинг сўзларига кўра, техник даражада қурол харид қилиш зарур самарадорлик билан амалга оширилмаётгани маълум бўлди, шу сабабли Украина-НАТО-Европа Иттифоқи ўртасида уч томонлама учрашув ташкил этилган. Бу, биринчи навбатда, қурол сотиб олиш ва фронт чизиғига етказиб бериш учун логистика жараёнларини тезлаштиришга ёрдамга мўлжалланган бундай форматдаги биринчи учрашув. Украина ташқи ишлар вазирлиги раҳбари буни «Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик логистика операцияси» деб атади.

Йенс Столтенберг Украинадаги урушнинг ҳозирги босқичини яна бир бор «йўқ қилиш уруши» ва «логистика жанги» деб таърифлади. Ўз навбатида, у Украинага ҳарбий ёрдамни оширишга ваъда берди ва Киевга қурол етказиб бериш мажбуриятини олган давлатлар зудлик билан уларни бажариши, шунингдек, ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни кўпайтириши ва қурол харид қилиш тизимини такомиллаштириши кераклигини таъкидлади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг