20:50 / 24.02.2023
376

Зеленский урушнинг бир йиллигида мурожаат йўллади


Зеленский урушнинг бир йиллигида мурожаат йўллади
Фото: Украина президенти матбуот хизмати


Украина президенти Володимир Зеленский уруш бошланганининг бир йиллиги муносабати билан мамлакат халқига мурожаат йўллади.

Буюк Украинанинг буюк халқи! Бир йил муқаддам, шу куни эрталаб соат еттида мен сизларга атиги 67 сония давом этган баёнот билан мурожаат қилгандим. Унда ўша вақтда ҳам, ҳозир ҳам долзарб бўлган иккита асосий масала айтилганди. Россия бизга қарши кенг кўламли уруш бошлагани. Биз кучли эканимиз. Биз барчасига тайёрлигимиз. Биз ҳаммани мағлуб этишимиз. Чунки биз — Украина эканимиз!

2022 йил 24 феврали шундай бошланганди. Бу ҳаётимиздаги энг узун кун эди. Бизнинг замонавий тарихимиздаги энг қийин кун. Биз жуда эрта уйғондик ва шундан буён ухламаймиз.

Кимдир қўрқиб кетганди, кимдир шокка тушганди, кимдир нима дейишни билмасди, аммо барча нима қилиш кераклигини ҳис қиларди. Йўлларда тирбандликлар юзага келди, аммо кўплар қўлга қурол олиш учун йўл олди. Навбатлар юзага келди. Кимлардир чегарада турарди, аммо кўпчилик — ҳарбий комиссариат ва ҳудудий мудофаа қисмлари учун навбатда.

Биз оқ байроқ кўтармадик, балки кўк-сариқ байроқни ҳимоя қилишга киришдик. Қўрқиб кетмадик, синиб қолмадик, таслим бўлмадик. Змеийнийдаги чегарачилар ва улар рус ҳарбий кораблини жўнатган маршрут бу кураш рамзига айланди.

Ишончимиз мустаҳкамланди. Руҳимиз мустаҳкамланди. Биз кенг кўламли урушнинг илк кунида бардош бера олдик. Биз эртага нима бўлишини билмасдик, аммо аниқ тушуниб турардик: кейинги ҳар кун учун курашиш лозим!

Ва биз курашдик. Ва ҳар куни ғажидик. Ва биз кейинги кун учун омон қолдик. Кейин эса — учинчи кунга. Бизга яшаб қолиш учун берилган уч кун. 72 соатдан кейин мавжудлигимиз йўқ бўлиши билан таҳдид қилишганди. Аммо биз тўртинчи кун учун ҳам туриб бердик. Кейин бешинчи кун. Бугунга келиб эса бир йилдан буён бардош бериб қолмоқдамиз. Биз ҳамон шуни аниқ биламиз: кейинги ҳар кун учун курашиш лозим!

Қаршилигимиз давом этаётганига ҳисса қўшётган барчага миннатдорчилигимни билдираман. Буларнинг бари бизнинг ҳимоячиларимиз. Украина қуролли кучлари. Қуруқлик қўшинлари, пиёдаларимиз ва танкчилар. Ҳаво ва ҳарбий-денгиз кучлари. Артиллерия, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари, десантчилар, разведкачилар, чегарачилар. Махсус амалиёт кучлари, Украина хавфсизлик кучлари, Миллий гвардия, полиция, ҳудудий мудофаа кучлари — бизнинг барча хавфсизлик ва мудофаа кучларимиз. Улар туфайли Украина туриб бермоқда. Улар туфайли уруш бошидаги шафқатсиз ойдан омон ўта олдик.

Кейин баҳор келди. Янги ҳужумлар, янги яралар, янги оғриқлар. Душманнинг ҳақиқий ботинини барча кўриб қўйди. Туғуруқхоналар, Мариуполдаги драма театри, Миколайив маъмурияти, Харкивдаги Озодлик майдони, Краматорск вокзали ўққа тутилишини. Бучани, Ирпинни, Бородянкани кўришди. Бутун дунё «рус дунёси» аслида нимани англатишини аниқ тушуниб етди. Россия нималарга қодирлигини.

Худди шу вақтда дунё Украина нималарга қодирлигига ҳам гувоҳ бўлди. Бу янги қаҳрамонлар. Киев мудофаачилари, «Азовстал» мудофаачилари. Бутун бир шаҳарлар амалга оширган янги жасоратлар. Харкив, Черниҳив, Мариупол, Херсон, Миколайив, Гостомел, Волноваха, Буча, Ирпин, Ахтирка. Қаҳрамон-шаҳарлар. Енгилмас пойтахт. Янги рамзлар. Буларнинг бари биргаликда — Украина бўйича янги баҳо ва прогнозлар эди.

Урушнинг илк ойи. Ва урушдаги илк бурилиш нуқтаси. Дунёнинг Украина тўғрисидаги тасаввури илк бор ўзгариши. У уч кун ичида қуламади. У дунёнинг иккинчи армиясини тўхтатди.

Биз ҳар куни янги зарбаларга бардош бердик, ҳар куни янги фожиалардан хабар топдик, аммо ҳар куни ўзини фидо этганлар туфайли бардош бердик. Бошқалар учун.

Булар олдинги чизиқларда ярадор жангчиларимиз ҳаётини сақлаб қолаётган, ўқлар ёмғири остида операция қилаётган, бомбапанагоҳларда туғуруқни қабул қилиб олаётган, кунлар, ҳафталар мобайнида навбатчиликда қолаётган бизнинг шифокорларимиз. 24/7 режимида харобалар ва олов орасида одамларни қидираётган қутқарувчилар ва ўт ўчирувчиларимиз. Ва уруш бошидан буён уйқусиз ва тўхтовсиз ишлаб, юз минглаб украинларни эвакуация қилган темирйўлчиларимиз.

Кейин эса илк юришлар, илк ютуқлар, илк бор ҳудудлар озод этилиши. Биринчи [ва охиргиси эмас] Чернобойивка. Босқинчилар Киев, Суми ва Черниҳив областларидан қувилиши. Бизнинг «Стугна». «Ольха». Бизнинг «Нептун» ва денгиз тубига кетган «Москва» крейсери. Илк «Рамштайн». Тарихдаги иккинчи ленд-лиз.

Украина дунёни ҳайратлантирди. Украина дунёни илҳомлантирди. Украина дунёни бирлаштирди. Бунинг далили учун минглаб сўзлар айтиш мумкин, аммо бир нечаси ҳам етади: HIMARS, Patriot, Abrams, IRIS-T, Challenger, NASAMS, Leopard.

Мен бизнинг бутун йил мобайнида биз билан елкама-елка турган барча ҳамкорларимиз, иттифоқчиларимиз ва дўстларимизга миннатдорчилик билдираман. Мен халқаро аксилпутин коалицияси шунчалик кучайганидан хурсандманки, бу алоҳида мурожаатни талаб этади. Мен тез орада шундай мурожаат қиламан. Албатта.

Мен шунингдек ташқи сиёсат қўшинларимиздан ҳам миннатдорман. Бизнинг дипломатлар, элчилар, халқаро ташкилотлар ва муассасалардаги вакиллар дивизияси. Босқинчиларга халқаро ҳуқуқнинг олови ва қиличи билан зарба бериб, террорчи давлат террорчи давлат деб тан олинишига эришганларнинг барчаси.

Уруш кўплаб оилалар тақдирини ўзгартириб юборди. Оилаларимиз тарихи қайтадан ёзилди. Урф-одатларимиз ва анъаналаримизни ўзгартирди. Авваллари боболар набираларига нацистларни қандай савалашганини ҳикоя қилишарди. Энди набиралар боболарига рашистларни қандай савалашганини айтишади. Аввал оналар ва бувилар шарфлар тўқишарди, энди маскировка тўрлари тўқишмоқда. Аввал болалар Сантадан смартфонлар, гаджетлар сўрашарди, энди ҳамёнларини [пуллар] беришмоқда ва жангчиларимиз учун керакли воситалар йиғишмоқда.

Бир йил давомида амалда ҳар бир украиналик кимидандир жудо бўлди. Отаси, ўғли, акаси, онаси, қизи, синглиси. Севимли инсонларидан. Яқин дўсти, ҳамкасби, қўшниси, танишидан. Ҳамдардман.

Деярли ҳар бир кишининг телефонида энди ҳеч қачон гўшакни кўтирмайдиган камида битта контакт бор. «Аҳволлар қалай?» дейилган СМС хабарга жавоб бермайдиган. Бу икки оддий сўз урушнинг бир йилида янги маъно касб этди. Ҳар куни миллионлаб украинлар бу саволни ўз оила аъзолари ва яқинларига миллионлаб марта ёзишган ёки беришган. Ҳар куни кимдир жавоб олмади. Босқинчилар ҳар куни бизнинг оила аъзоларимиз ва яқинларимизни ўлдиришди.

Биз уларнинг номини телефонларимиздан ҳам, ўз хотирамиздан ҳам ўчирмаймиз. Биз уларни ҳеч қачон унутмаймиз. Биз ҳеч қачон буни кечирмаймиз. Биз россиялик қотиллар муносиб жазосини олмагунча ҳеч қачон тинчланмаймиз. Халқаро трибунал томонидан жазоланмагунча. Худонинг ҳукмини олмагунчак. Бизнинг жангчиларимизнинг. Ёки барчаси бирданига.

Ҳукм аниқ. Қўшни тўққиз йил олдин тажовузкорлик қилди. Бир йил олдин тажовузкор жаллод, талончи ва террорчига айланди. Биз улар жавобгарликка тортилишига шубҳа қилмаймиз. Биз ўзимизни ғалаба кутаётганига шубҳа қилмаймиз.

Ёзда биз буни ҳис қилдик. Биз урушнинг 100 кунидан ўтдик. Биз Европа Иттифоқига номзод мақомини олдик, Змеинийни қайтардик, Қримдаги илк «пақиллаш»ни эшитдик, босқинчилар омборлари ва Антонов кўпригида салютларга гувоҳ бўлдик.

Август босқинчилар Украинанинг бирор шаҳрини ололмаган илк ой бўлди. Денацификация тўғрисидаги таҳдид ва ультиматумлар ўрнини «эзгу ниятдаги қадам» эгаллади. Ва биз шунда ҳис қилдик: ғалабамиз муқаррар. У яқин. У келади.

Кейин куз бошланди. Ва бизнинг қарши ҳужумимиз. Изюм, Балаклия, Купянск, Лиман, Херсон области ва Херсон шаҳри озод этилиши. Биз одамларимиз ҳарбийларимизни қандай кутиб олганига гувоҳ бўлдик. Украина байроғини қандай асраганларига. Украинани қандай кутишганига.

Мен ҳозир ҳам кутаётганларга юзланмоқчиман. Вақтинча оккупация остида бўлиб турган фуқароларимизга. Украина сизларни ташлаб қўймаган, сизни унутмаган, сиздан воз кечмаган. Қандай қилиб бўлса ҳам биз барча ерларимизни озод этамиз. Украина қайтиши учун барча ишни қиламиз. Ва ҳозирда хорижга кетишга мажбур бўлганлар: сиз Украинага қайтишингиз учун барча ишни қиламиз. Бу имконли бўлиши учун.

Биз курашамиз ва ҳар бир асиримизни қайтарамиз. Ва буларнинг бари биргаликда ғалаба деб аталади.

Биз буни ҳатто қоронғида ҳам кўриб турибмиз. Мунтазам ёппасига зарбалар ва электр энергияси ўчишига қарамай. Биз бу ғалаба нурини кўрамиз.

2022 йил 24 февралидаги илк туйғулари ҳақидаги хотиралари сифатида одамлар шок, оғриқ, мавҳумликни тилга олади. Кенг кўламли босқиндан бир йил ўтиб эса ғалабага ишонч 95 фоизни ташкил этмоқда. Биз Украина ҳақида ўйлаганда ҳис қилаётган асосий ҳиссиёт эса, — бу фахрланиш туйғусидир.

Ҳар бир украин аёл, ҳар бир украин эр учун. Ҳаммамиз учун фахр. Биз катта бир қўшинга айландик. Биз бир жамоа бўлдик, кимдир топади, кимдир қадоқлайди, кимдир олиб келади, аммо барча ўз ҳиссасини қўшади.

Биз одамларимиздан миннатдорман, барча зарур нарсаларни тўплаб, етказиб бераётган кўп миллионлик кўнгиллилар армияси ва бефарқ бўлмаган кишиларга раҳмат айтаман.

Биз бир бутун бўлдик. Бизнинг журналистлар ва медиа ягона фронт бўлиб ёлғон ва ваҳимага қарши кураш олиб бормоқда.

Биз бир оилага айландик. Орамизда бегоналар ёки нотанишлар йўқ. Украинлар учун бугун — барча ўзимизникилар. Украинлар украинларга бошпана бермоқда, урушдан қочишга мажбур бўлганларга ўз уйлари ва қалбларини очишмоқда.

Биз барча таҳдидлар, зарбалар, кассета бомбалари, қанотли ракеталар, камикадзе дронлар, блэкаутлар, изғиринларга бардош берамиз. Биз булардан кучлироқмиз.

Бу барқарорлик йили бўлди. Лоқайд бўлмаслик йили. Мардонаворлик йили. Оғриқлар йили. Умидлар йили. Бардош йили. Бирдамлик йили.

Букилмас йил.

Унинг асосий натижаси — биз бардош бердик. Биз мағлуб бўлмадик. Ва бу йилда ғалаба қозониш учун барча ишни қиламиз!

Яшасин Украина!


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг