23 феврал куни БМТ Бош Ассамблеяси Украинада имкон қадар тезроқ «тўлиқ, адолатли ва мустаҳкам» тинчликка эришиш зарурлиги ҳақидаги резолюцияни қабул қилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти веб-сайтининг хабар беришича, резолюцияни 141 давлат ёқлаган, 32 давлат бетараф қолган ва 7 давлат - Беларус, Шимолий Корея, Эритрея, Мали, Никарагуа, Россия ва Сурия қарши овоз берган. Беларус томонидан таклиф қилинган тузатишлар рад этилди.
Резолюция бўйича овоз беришда бетараф қолган давлатлар орасида Арманистон, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бор.
Қайд этилишича, Бош Ассамблея Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари, жумладан, ҳудудий сувлари доирасидаги суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.
Бош Ассамблея аъзолари «Россия Федерациясидан ўзининг халқаро тан олинган чегаралари доирасида Украина ҳудудидан барча қуролли кучларини зудлик билан, тўлиқ ва сўзсиз олиб чиқиб кетишни» талаб қилди ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди.
Бош Ассамблея делегатлари «Россия Федерациясининг Украинага қарши тажовузкорлиги натижасида вужудга келган инсон ҳуқуқлари ва гуманитар вазият билан боғлиқ оғир вазиятдан афсусда эканлигини» билдирдилар.
Ҳужжат томонларни тинч аҳоли ва фуқаролик объектларини ҳимоя қилиш бўйича ўз мажбуриятларини ҳурмат қилишга ва ёрдамга муҳтож бўлганларга инсонпарварлик ёрдамининг тўсиқсиз киришини таъминлашга, шунингдек, Украинанинг муҳим инфратузилмасига, жумладан, уйлар, мактаблар ва шифохоналарга ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга чақиради.
Қарорда, шунингдек, «Украина ҳудудида содир этилган энг оғир жиноятлар миллий ёки халқаро даражада тўғри, адолатли ва мустақил тергов ва таъқиблар орқали халқаро ҳуқуқ доирасида жавобгарликка тортилишини таъминлаш зарурлиги» таъкидланган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!