Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги Украина зиддияти борасида Хитой расмий позициясига муносабат билдирди.
«Қозоғистон Республикаси Хитой Халқ Республикасининг Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича позициясини маъқуллайди. Бу (ташаббус) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тамойиллари асосида, ҳудудий яхлитлик, мустақиллик ва суверенитет негизида қон тўкилишини тўхтатишга хизмат қилиши билан эътирофга лойиқдир. Фикримизча, бу муаммони халқаро ҳуқуқ ва БМТ тамойиллари асосида тинч йўл билан ҳал қилишдан бошқа муқобил ечим йўқ», – дейилади баёнотда.
Расмий Остонага кўра, ҳарбий можарода иштирок этувчи томонлар хайрихоҳлик кўрсатиб, урушни тўхтатиши ва музокара столига ўтириши, жаҳон ҳамжамияти эса инқирозни дипломатик йўл билан ҳал қилишга ҳисса қўшиши мақсадга мувофиқдир.
«Шу билан бирга, Қозоғистон Хитой Халқ Республикасининг Глобал хавфсизлик ташаббуси концепциясида белгиланган долзарб масалалар бўйича давлатларимиз таклиф этаётган ечимлар муштарак эканини қайд этади», – дейилади хабарномада.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 24 февраль куни расмий Пекин «Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал этиш бўйича Хитой позицияси» номли ҳужжат эълон қилди. Хитой ташқи сиёсат маҳкамаси сайтида чоп этилган 12 бандли ҳужжатда тинчлик музокараларини бошлаш заруратига урғу берилган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)