The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Шимолий Африка давлатлари Россиянинг Украинага бостириб кириши учун Европа Иттифоқи томонидан санкциялар киритилгач, Россиядан дизель ёнилғиси ва бошқа нефть маҳсулотлари импортини кескин оширган. Россия Европа бозоридан узилганлиги сабабли, Марокаш, Тунис, Миср, Ливия ва Жазоир Россиянинг қайта ишланган маҳсулотларининг «жиддий харидорига айланди», деб ёзади газета 25 февраль, шанба куни.
Хусусан, Марокаш расмийлари 2021 йилда қарийб 600 минг баррель дизель ёнилғиси сотиб олган бўлса, 2023 йилнинг ўзида бу кўрсаткич 2 миллион баррелни ташкил қилган. Тунис 2021 йилда Россия нефть маҳсулотларини деярли сотиб олмади, аммо сўнгги ойларда Россиядан пластмасса ва кимёвий моддалар ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган бензин, нафта, дизель ёнилғиси ва газойл импортининг кескин ўсиши кузатилди.
Январь ойида бу мамлакат Россиядан 2,8 баррель нефть маҳсулотларини сотиб олган бўлса, февралда бу кўрсаткич 3,1 миллион баррелгача ошиши кутилмоқда, деб ёзади газета. Газетага интервью берган таҳлилчиларга кўра, гап Мағриб эҳтиёжлари учун жуда катта ҳажмдаги импорт қилинадиган нефть маҳсулотлари ҳақида кетмоқда.
Шу билан бирга, Шимолий Африка мамлакатлари, ушбу маълумотларга кўра, нефтни қайта ишлаш ҳажмини кенгайтирмасдан, Европага нефть маҳсулотлари экспортини оширди. Европа Иттифоқида бу факт Россияга қарши санкцияларни айланиб ўтиш билан боғлиқ хавотирларни уйғотади, деб ёзади The Wall Street Journal.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг