Хитойлик фирибгар аёл шу кунларда ижтимоий тармоқлар «қаҳрамони»га айланди. Олти йил давомида ҳеч нарсадан бехабар 28 кишига боғланган 300 дан зиёд кредит карталари воситасида 8 млн юан ($1,2 млн) пулни ўзлаштириб юборган.
Одамларни фирибгар еб кетган пулларнинг кўплиги эмас, балки қай тариқа фош этилгани ажаблантиряпти, деб ёзди South China Morning Post газетаси.
Ўтган йилнинг декабр ойида Сичуан провинциясида яшовчи, ўзини Ли шарифли аёлнинг турмуш ўртоғи деб таништирган шахс полицияга мурожаат қилади. Бу эркак уйида яшириб қўйилган жуда кўп кредит карталарини ва йирик транзакциялар билан боғланган кредит ҳисоблари рўйхатини тасодифан топиб олади. Хотиним фирибгарлар тузоғига тушиб қолибди деб ўйлаб, қўрқиб кетган эр дарҳол полицияга боғланади. Кейин маълум бўлдики, хотиннинг ўзи фирибгар экан...
Ли хоним жиноий режасини 2016 йилдан, бўйнида осилиб қолган қарзларни уза олмаганидан сўнг амалга оширишни бошлаган. Ўзини маҳаллий ҳукумат департаменти ходимаси сифатида таништириб, банкдан юқори фоизлар ундириб бераман дея бой-бой одамларнинг ишончига киради.
Бойларнинг ҳам лақмалари бўларкан-да — тузоққа тушганлари унга кредит ва дебет карталарининг маълумотларини қўшқўллаб топширишади, Ли хонимнинг эса ишлари юришиб кетади.
Фирибгарлик тафсилотларини билгандан сўнг, кўпчилик ҳайратда.
«Ли қандай қилиб олти йил фирибгарлигини яшира олди? Наҳотки жабрланувчиларнинг биронтасида шубҳа пайдо бўлмаган?» — деб ёзди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси. Фирибгар аёлнинг эрига ачинганлар ҳам оз эмас.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)