28 февраль, сешанба куни Ленинград вилоятидаги Санкт-Петербург осмони номаълум учар жисм аниқлангани сабабли вақтинча ёпилди, деб ёзмоқда DW.
Санкт-Петербургнинг Пулково аэропорти барча рейсларни тўхтатди. Шаҳарда чегарани ноқонуний кесиб ўтишда, шунингдек, ҳаво ҳудудида номаълум нарсалар пайдо бўлганда эълон қилинадиган «Ковер» режаси жорий этилди. Қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилиб, фуқаролик рейслари «кутиш зонаси»га ўтказилди.
Санкт-Петербург ҳукумати «Пулково аэропортида парвозларни 12 соатгача кечиктириш эълон қилингани», аэропортнинг ўзи ва унинг хизматлари «одатдагидек ишлаётгани» ҳақида хабар берди. Аввалроқ расмийлар ўз баёнотида Пулково аэропорти «самолётларни вақтинчалик қабул қилмаётгани ёки жўнатмаслигини» айтган эди. Шаҳар ҳокимияти бунинг сабабларини тушунтирмади.
«Фонтанка» нашри хабарига кўра, Санкт-Петербургдан 160-200 км узоқликда номаълум учар объект кузатилган. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ўз каналлари орқали Пулково хизматига хабар берган. Смолнийга яқин манба осмон номаълум учар жисм туфайли тўсиб қўйилганини тасдиқлади. Қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилди. «Фонтанка» ўқувчилари ҳатто марказда ҳам уларнинг товуши эшитилганини айтишди: «Овозлар худди параддаги каби».
112 Telegram-каналига кўра, иккита қирувчи самолёт - Су-35 ва МиГ-31 ҳавода учиб юрган, номаълум объект эса катта дронга ўхшаган. Дастлаб уни Фин кўрфази томонидан пайқашди.
Кейинроқ Санкт-Петербургда ҳаво ҳудудига қўйилган чеклов бекор қилингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Flightradar харитасига кўра, биринчи рейслар Пулковога қўна бошлади. «Ковер» режаси расман бекор қилинди.
Baza нашрининг ёзишича, Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти осмонининг ёпилишига катта дрон рейди сабаб бўлган бўлиши мумкин – Белгород ва Туапседаги «Роснефт» нефть базасига тунда ҳужум уюштирилган.
Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлиги Санкт-Петербург ҳаво ҳудудининг ёпилишини ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини тайёрлаш билан изоҳлади. Унга кўра, «ғарбий ҳаво ҳужумидан мудофаа учун масъул зонанинг навбатчи кучлари фуқаро ҳаво ҳаракатини бошқариш билан ўзаро ҳамкорлик бўйича машғулотлар ўтказган». «Қоидабузарнинг тахминий нишонини аниқлаш, тутиб олиш, шунингдек, фавқулодда вазиятлар хизматлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари ишлаб чиқилди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг навбатчиликдаги қирувчи самолётлари жалб қилинди», — дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!