21:13 / 28.02.2023
751

Жанубий Кореяда марҳум билан «мулоқот» қилиш технологияси ишлаб чиқилди

Жанубий Кореяда марҳум билан «мулоқот» қилиш технологияси ишлаб чиқилди

Жанубий Кореянинг DeepBrain AI компанияси вафот этган одамлар билан видеоалоқа орқали «мулоқот» қилиш имконини берувчи Re;memory технологиясини ишлаб чиқди. Хизмат пуллик ва арзон эмас.

Нейротармоқ марҳумнинг ижтимоий тармоқларидаги фотосуратлари ва видеолари, шунингдек, унинг қариндошлари билан қисқа интервю асосида рақамли нусхасини шакллантиради. Шундан сўнг у билан учрашиш учун иккита вариантдан бирини танлаш мумкин: видеомурожаат ёки реал вақт режимида суҳбат. Бу ҳақда Entrepreneur ёзди.

«Ўзга олам билан учрашув» махсус хонада бўлиб ўтади. Унга 400 дюймли экран ва юқори сифатли овоз ускуналари ўрнатилган. Бу жонли мулоқот эффектини беради, деб қайд этмоқда компания.

Бундан ташқари, инсон тириклигида ўзининг рақамли нусхасини шакллантириб қўйиши ҳам мумкин. Бунинг учун нейротармоқ мижоз билан атиги 7 соатлик мулоқотни талаб қилади, бу вақт давомида унинг одатлари ва характерини ўрганади, шунингдек, мижознинг ташқи кўриниши, мулоқот услуби ва овозини ёзиб олади.

Рақамли нусхани яратиш 10 000 - 20 000 фунт (142-248 млн сўм) туради. Алоқа сеанси яна 1000 фунт (14,2 млн сўм) туради.

Компаниянинг ривожланиш бўйича менежери Жозеф Мерфи хизмат кўплаб саволлар туғдиришини тан олади. Аммо у буни зарур деб ҳисобламоқда.

«Баъзи одамлар шундай абадий яшаш имкониятини ёқтиришади, лекин кўпчилик буни нотўғри деб ҳисоблайди. Re;memory саратон каби оғир касалликларига чалинган одамлар учун мос келади. Улар камера олдида бир неча соат ўтириши мумкин, шунда дастур рақамли нусхани яратиш учун хатти-ҳаракатларни ўрганиши ва овозли маълумотларни тўплаши мумкин», деди Жозеф Мерфи.

DeepBrain AI компанияси «нариги дунёга» алоқадор ишланмаларга ихтисослашган. Масалан, унда машҳур шахсларнинг гиперреал нусхаларини шакллантирувчи технология ҳам бор.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг