19:49 / 06.03.2023
477

Озарбайжон Арманистонга талаб қўйди

Озарбайжон Арманистонга талаб қўйди

Озарбайжон Арманистондан Қорабоғ ҳудудига ноқонуний равишда ўқ-дори, мина ва аскарлар олиб киришни тўхтатишни талаб қилди. Бу ҳақда мамлакат ТИВ баёнотида сўз боради.

Расмий Бокуга кўра, 2020 йил 10 ноябр куни имзоланган уч томонлама битимга зид равишда Арманистон Хонкенди–Халфали–Туршсу йўли бўйлаб Россия тинчликпарвар контингенти назорат қилиб турган Озарбайжон ҳудудига қурол-аслаҳа, мина ва шахсий таркибни олиб ўтишда давом этмоқда.

Жумладан, 5 март куни Озарбайжон Қуролли кучлари тезкор бўлинмаси ҳудудга транспорт воситаларини текшириш учун юборилган. Текширув чоғи қарши томон ўт очган, оқибатида Озарбайжон ҚК бўлинмаси талафот кўрган. Жавоб зарба билан қарши томоннинг ўт очишига чек қўйилгани хабар қилинган.

Расмий Бокуга кўра, бу каби провокациялар қўшни давлат оккупация сиёсатидан воз кечмагани ва тинчлик борасидаги баёнотлари самимий эмаслигини кўрсатади.

2020 йилнинг кузида бўлиб ўтган 44 кунлик уруш якунида Озарбайжон Қорабоғ минтақасидаги қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олган. Айни чоқда, Боку қўшни давлат мина ва ўқ-дори ташишда давом этмоқда деб ҳисоблайди.

«Бу каби ҳарбий провокацияларнинг олдини олиш учун Озарбайжон томони уч томонлама битимга риоя қилиш, қурол-аслаҳа, ўқ-дори, мина ва шахсий таркибни ноқонуний ташишни бас қилиш, шунингдек, Озарбайжон ҳудудидан Арманистон қуролли кучларини зудлик билан олиб чиқишни талаб қилади», – дейилади ТИВ баёнотида.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, 5 март кунги тўқнашувда Озарбайжон ҚК ҳарбий хизматчиси Шаҳриёр Алибейли ҳалок бўлган.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Озарбайжон Арманистонга талаб қўйди