10:30 / 09.03.2023
666

НАТО Бахмут яқин кунларда таслим бўлиши мумкинлигини истисно этмади

Фото: Reuters

Бахмутнинг руслар томонидан тўлиқ эгаллаб олиниши урушда бурилиш нуқтаси бўлмайди, балки Украинага қўшимча ёрдам зарурлигини кўрсатади, деди НАТО Бош котиби.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг бир неча ойлардан бери кураш олиб борилаётган Украинанинг Бахмут шаҳри Россия қўшинлари томонидан қўлга олиниши эҳтимолини тан олди. «Биз Бахмутнинг яқин кунларда таслим бўлиши мумкинлигини инкор эта олмаймиз», деди у 8 март, чоршанба куни Стокҳолмда Европа Иттифоқи мудофаа вазирлари билан учрашуви доирасида.

Унинг сўзларига кўра, бу Россиянинг Украинага қарши урушида «бурилиш нуқтаси» бўлмайди. «Бу биз Россияни паст баҳоламаслигимиз кераклигини таъкидлайди. Биз Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишимиз керак», - деди Столтенберг.

Шу билан бирга, альянс раҳбари ОАВнинг «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим 2» газ қувурларида қўпорувчилик ҳаракатларида «украиналиклар» изи бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга изоҳ берди. Бу портлашларни ким амалга оширгани ҳақидаги саволга ҳалигача аниқ жавоб йўқ, деди Столтенберг. «Биз фақат «Шимолий оқим»га ҳужум қилинганини биламиз. Лекин бунинг ортида ким турганини аниқлай олмадик», деди у ва давом этаётган терговга ишора қилиб, унинг тугашини кутишга чақирди.

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский Бахмутнинг Россия томонидан қўлга олиниши Украина шарқидаги муҳим шаҳарлар – Краматорск ва Славянскни забт этишга йўл очиши мумкинлигини айтган эди. «Биз Бахмутдан кейин улар олдинга боришлари мумкинлигини тушунамиз», деди у 7 март куни CNN телеканалида.

Ўз навбатида, Америка урушни ўрганиш институти (ISW) 7 мартдаги ҳисоботида таъкидлаганидек, рус армияси Бахмутдан ташқарига чиқиш учун зарур бўлган механизациялашган кучларга эга эмас ва бу шаҳарга ҳужумларда ишлатиладиган тактик «ҳужум отрядлари» манёврли уруш олиб боришга қодир эмас. Таҳлилчиларнинг фикрича, Бахмутни қўлга киритгандан сўнг рус қўшинлари ғарбга - Константиновкага ёки шимоли-ғарбга - Славянск-Краматорск томон ҳаракатланиши мумкин.

8 март куни «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин Бахмутнинг шарқий қисми босиб олингани ҳақида баёнот берди. Унинг даъво қилишича, Бахмутка дарёсининг шарқидаги шаҳарнинг бир қисми унинг ёлланма аскарлари назорати остида.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг