21:09 / 09.03.2023
684

Украина шаҳарларига янги ракета зарбалари берилди (фото, видео)

Украина шаҳарларига янги ракета зарбалари берилди (фото, видео)

Россия ракета зарбаларидан кейин Киев узра кўтарилган тутун. Фото: Reuters

Эрта тонгда Россия Украина бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллади. Киев ва Харкив шаҳарларида, шунингдек кўплаб областларда - Днипропетровск, Одесса, Лвив ва бошқа ҳудудларда портлашлар рўй берди. Бу ой бошидан буён рўй берган илк ёппасига ҳужум бўлди. Маҳаллий расмийлар Лвив областида беш, Днипропетровск областида бир киши қурбон бўлгани, Киевда уч киши яраланганини хабар қилишган. Зарбалар оқибатида Запорижжя АЭС ўчган. Россия бу зарбалар қасос эканини маълум қилди.

«Бутун мамлакат бўйлаб ёппасига ракета зарбалари»

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг маълум қилишича, россиялик ҳарбийлар бу сафар 81 ракета учирган. Унинг маълумотига кўра, булар самолётлардан учирилган Х-101/Х-555 (28 дона), «Калибр» (20) ва «Кинжал» (олти), шунингдек X-22 (бу ҳам олтита) русумли қанотли ракеталар бўлган. Бундан ташқари, унинг тасдиқлашича, бошқарилувчи авиация ракеталари ҳамда зенит ракеталари бўлган, шунингдек Shahed-136/131 русумли саккиз дона зарбдор дронлар билан ҳужум қилинган.

Украина қуролли кучлари авиацияси вакили Юрий Игнат Россия бу қадар кўп миқдорда гипертовушли ракеталар («Кинжал») қўллаганини эслай олмаслигини айтган. «Хусусан, МиГ-31К самолётларидан ҳам фойдаланилди. Аввал бунақаси бўлганини эслай олмайман», деган Игнат.

Украина қуролли кучлари маълумотига кўра, украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари дронларнинг ярмини ҳамда 48 та қанотли ракетадан 34 тасини уриб туширган. Бу каби йирик ҳужумлар охирги бор январ ва феврал ойларида бўлганди. Ўшанда ҳам украин ҳарбийлари 50 дан ортиқ ракеталар учиб келганини айтишганди.

«Оғир тун. Бутун мамлакат бўйлаб ёппасига ракета ҳужумлари. Киев, Кировоград, Днипропетровск, Одесса, Харкив, Запорижжя, Лвив, Ивано-Франковск, Житомир, Винница. Критик инфратузилма объектлари, турар жойларга ҳужумлар. Қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдираман.

Душман яна бир бор украиналикларни қўрқитишга уриниб, ўзининг аянчли тактикасига қайтган ҳолда 81 та ракета отди. Босқинчилар фақат тинч аҳолини қўрқитиши мумкин. Уларнинг қўлидан келадиган нарса шу. Лекин бу уларга ёрдам бермайди», дея ёзган Украина президенти Володимир Зеленский телеграм-каналида. 

Украина расмийлари бир неча кун олдин Россия қишдан кейин яна энергетика тизимларига ёппасига зарба бериши даргумон эканини айтган бўлса-да, бу тунда яна энергия инфратузилмаси зарба остида қолди. Мамлакатда энергетика тизимига Қрим кўпригида портлаш рўй берган 10 октябрдан буён ойига бир неча мартадан ёппасига зарбалар бериб келинмоқда.

«Террорчилар бизни светдан маҳрум этиш учун максимал даражада саъй-ҳаракатлар қилмоқда. Улар тинч аҳолини террор қилишда давом этмоқда», дея ракета зарбаларининг янги тўлқинига изоҳ берди Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак.

Украинанинг энергетика соҳасидаги DTEK компанияси маълум қилишича, отишмалар туфайли учта иссиқлик электр станцияси шикастланган. Компаниядагилар Киев, Одесса, Миколайив ва Днипропетровск областларида ҳам фавқулодда электр узилишлари рўй берганини маълум қилган.

Украинада ҳаво тревогаси қарийб бутун тун давом этган.

Киевда ракета парчалари қулаши оқибатлари. Фото: Reuters

Россия мудофаа вазирлиги бу зарбаларни гўёки 2 март куни Киев томонидан «Брянск областида уюштирилган террорчилик акцияси»га жавобан берилган «ёппасига қасос зарбаси» деб атади.

2 март куни қуролланган гуруҳ Брянск областида Украина билан чегарадош икки қишлоққа рейд уюштирганди. Қишлоқлардан бирида икки киши отиб ташланган. Кремль буни террорчилик ҳужуми деб атаган ва Украина ҳукуматини бу ҳужумни тайёрлашда айблаган. Киев бу рейдга алоқадорлигини рад этган, ҳужум учун масъулиятни «Россия кўнгиллилар корпуси» ўз зиммасига олган.

Россия мудофаа вазирлиги Брянск областидаги ҳужумгга жавобан ҳаво, денгиз ва қуруқликдан ракеталар учирилгани, жумладан «Кинжал» гипертовушли ракета тизими билан «Украина ҳарбий тузилмасининг муҳим элементлари», ҳарбий-саноат комплекси ва «уларни таъминловчи энергетика объектлари»га зарба берганини маълум қилган.

Бундай нишонлар жамланмаси россиялик ҳарбийлар томонидан анъанавий тарзда қўллаб келинади, аммо улар октябр ойида Қрим кўпригида рўй берган портлашдан буён илк бор «қасос» ҳақида айтишмоқда.

Киев

Киев бўйлаб берилган ракета зарбалари оқибатида турар жой ҳовлисида чиққан ёнғин, 2023 йил 9 март.
Ruslan Kaniuka / Ukrinform / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Соат 4:25 атрофида Киев мэри Виталий Кличко Украина пойтахтининг Голосеевский ва Святошинский районларида рўй берган портлашлар ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, Святошинский районида икки киши яраланган.

«Уйлардан бирининг ҳовлисидаги автомобил ёниб кетган», дея ёзди Кличко ўз телеграм-каналида. Кейинроқ у эрталаб Киевга қилинган ҳужумлар оқибатида энергия объекти шикастланганини маълум қилди.

DTEK компанияси хабарига кўра, навбатдаги ракета ҳужумлари оқибатида Киев областида электр фавқулодда ўчиши бошланган, Кличко эса кейинроқ фавқулодда ўчиришлар туфайли Украина пойтахтида истеъмолчиларнинг 40 фоизи электр энергиясидан узилгани, ичимлик суви таъминоти штат режимида амалга оширилаётгани ҳақида ёзди.

Киев области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попконинг маълум қилишича, Киевда тревога етти соат давом этган. У Залужнийдан олдинроқ Россия бу сафар амалда барча типдаги ракеталарни қўллаганини айтганди.

«Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларимиз туфайли қанотли ракеталар ва дронлар пойтахтга ўтказилмади. Аммо,афсуски «Кинжал» аэробаллистик ракетаси (дастлабки маълумот) инфратузилма объектига урилди», дея унинг сўзларини келтирган УНИАН.

Киев бўйлаб ракета зарбаси оқибатлари, 2023 йил 9 март
 Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

Лвив области

Лвив областининг Золочевский районида ракета аҳоли яшовчи уйлар жойлашган ҳудудга тушган. Ёнғин бошланган. Лвив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Козицкий беш киши ҳалок бўлганини маълум қилган.

Лвив областида ракета зарбаси оқибатлари. Фото: LVIV REGIONAL MILITARY ADMINISTRATION

«Тўрт нафари катта ёшли кишилар. Икки эркак ва икки аёл. Ракета келиб урилган вақтда улар ўз уйларида бўлишган», деган у ва кейинроқ 1963 йилда туғилган яна бир кишининг жасади топилганини хабар қилган.

Харобаларни тозалаш ишлари давом этмоқда. Козицкийнинг маълумотига кўра, ёнғин оқибатида учта уй, учта автомобил, гараж ва бир қанча хўжалик бинолари яксон бўлган. У зарба оқибатлари акс этган видеони намойиш этган, унда кўча бўйидаги бир неча ер билан битта бўлганини кўриш мумкин.

«Душман ғазаб отига минган. Улар анчадан буён фронтда муваффақиятга эриша олмаяпти. Шунинг учун бутун Украина бўйлаб маъносиз хаотик зарбалар йўлламоқда. Дуч келган томонга отишмоқда, чунки улар учун бу ердагиларнинг барчаси душман», дея зарбаларга изоҳ берган Лвив шаҳри мэр Ондрий Садовий.

Қутқарувчилар Лвив областида ракета зарбаси қурбони жасадини олиб кетмоқда, 2023 йил 9 март.
Press service of the State Emergency Service of Ukraine in Lviv region / Reuters / Scanpix / LETA

Харкив

Тунда россиялик ҳарбийлар Харкив шаҳри ва Харкив области бўйлаб 15 зарба йўллаган. Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг сўзларига кўра, бу сафар ҳам муҳим инфратузилма объектлари нишонга олинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Харкив областида турар жой биносига ҳам ракета келиб тушган.

«Харкивнинг айрим районларида электр таъминоти бўйича муаммолар бор», деган шаҳар мэри Игор Терехов.

Одесса области

Россиялик ҳарбийлар Одесса областида энергетика инфратузилмаларига зарбалар берган, шунингдек турар жой бинолари шикастланган. Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Марченкога кўра, жабрланганлар йўқ. 

«Душманнинг ракета зарбаси оқибатида Одесса областида бир неча электр узатиш линиялари ва устунларга зарар етди. Айни вақтда электр энергияси фавқулодда ўчирилмоқда», деган Марченко.

Унинг маълумотига кўра, украин ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари област осмонида олтита ракета ва битта дронни уриб туширган один беспилотник.

Днипропетровск области

Тун Днипропетровск областида ҳам оғир кечган. Област ҳарбий маъмурияти Днипро, Павлодар, Кривой Риҳ ва Никопол ҳудудларига ракета ва дронлар учиб келганини хабар қилган.

«Дастлабки маълумотларга кўра, ёппасига ҳужумлар оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, икки киши жабрланган», дея ёзган маъмурият раҳбари Сергей Лисак ўз телеграм-каналида.

Энергетика инфратузилмалари ва саноат корхоналари шикастланган, Лисакнинг аниқлик киритишича, «бу жойларда жиддий вайронгарчиликлар» кузатилган.

Унинг маълумотига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими област осмонида россияликларнинг еттита ракетасини уриб туширган. Тунда област ҳудуди артиллериядан ҳам ўққа тутилган, Никопол шаҳри ва Никопол райони зарбага учраган. Бунинг оқибатида 34 ёшли эркак ҳалок бўлиб, 28 ёшли аёл ва 19 ёшли йигит жабрланган.

Запорожжя АЭС

«Энергоатом» хабарига кўра, россияликларнинг тахминан соат тўртда бошланган зарбалари туфайли Запорижжя АЭС буткул ўчиб қолган. «Оккупация остидаги Запорожжя АЭС ва Украина энергия тизими ўртасидаги сўнгги алоқа линияси узилди», дейилади оператор компания хабарида.

«Бугун тонгда, маҳаллий вақт билан соат тахминан беш атрофида Запорижжя АЭС охирги 750 кв.ли линияси ўчгач, барча ташқи қувват манбаларини йўқотди, 330 кВ.ли ягона захира линияси бир неча кун олдин шикастланган ва ҳозирда таъмирланмоқда», деди пайшанба куни ХАЭА (МАГАТЭ) раҳбари Рафаэль Гросси.

«Энергоатом»дагиларнинг таъкидлашича, бу Европадаги энг йирик АЭСнинг уруш вақтида олтинчи бор ўчирилишидир. 5- ва 6-энергоблоклар «совуқ ҳолат»га ўтказилган, яъни электр энергияси ишлаб чиқарилмайди. Запорижжя АЭС ўз эҳтиёжларини таъминлаш учун 18 та дизел генераторлардан фойдаланади.

«Уларнинг ишлаши учун 10 кунга етарли ёнилғи қолган. Ортга ҳисоблаш бошланди», дея огоҳлантиради оператор. Агар шу вақт ичида станциянинг ташқи электр таъминоти тикланмаса, «бутун дунё учун радиациявий оқибатларга эга бўладиган авария» рўй бериши мумкин.

Станциянинг ташқи электр таъминотидан тўлиқ узилиши билан боғлиқ олдинги ҳолат 23 ноябрда рўй берганди. «Эслатиб ўтаман, бу Европадаги энг йирик атом станцияси. Биз нима қиляпмиз? Бундай ҳодиса содир бўлаётганида қандай қилиб хонада ўтириш мумкин? Бундай давом этиб бўлмайди», деган Гросси.

Бошқа оқибатлар

Фото: Zelenskiy / Telegram

Житомир областида камикадзе дронлар энергетика инфратузилма объектларидан бирига зарба берган. Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Бунечкога кўра, қурбонлар йўқ.

Шунингдек, Кировоград ва Ивано-Франковск областларида ҳам энергетика объектларига зарбалар қайд этилган.

Миколайив областида ракеталар келиб урилиши ҳақида хабар берилмаган, аммо «Юг» ҳаво қўмондонлигига кўра, тунда област устида турли типдаги тўққизта ракета уриб туширилган.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг