09:20 / 23.03.2023
738

Россия хомашё колониясига айланяпти ёхуд Путин Хитойга нималарни ваъда қилди?

Россия хомашё колониясига айланяпти ёхуд Путин Хитойга нималарни ваъда қилди?

Россия Хитойга табиий ресурслар етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёр, деди президент Владимир Путин Кремлда ХХР раиси Си Цзинпин билан учрашувдан кейин.

Украинада уруш бошланганидан бери Путин ва Си ўртасидаги биринчи юзма-юз учрашув бўлган музокаралар Россия президенти таъбири билан айтганда, “муваффақиятли” бўлди ва “илиқ, ўртоқлик ва конструктив муҳитда ўтди”.

Россия, Путин айтганидек, Хитойга «узлуксиз нефть етказиб бериш»ни таъминлаш, шунингдек, газ экспортини кескин ошириш ниятида. Ўтган йили Газпром Хитойга “Сила Сибири” қувури орқали 15 миллиард куб метр газ бериши керак эди ва 2024 йилга келиб унинг қуввати йилига режалаштирилган 38 миллиард куб метрга етиши кутилмоқда.

«2030 йилга келиб газ етказиб беришнинг умумий ҳажми камида 98 миллиард куб метрни, қўшимча равишда 100 миллион тонна суюлтирилган газни ташкил этади», — деган Путин. Президент томонидан тилга олинган ҳажм Россия 2030 йилгача ишлаб чиқариши керак бўлган барча газдир, деб ёзади «Интерфакс». Ҳозир суюлтирилган газ ишлаб чиқариш уч баравар кам ва 2022 йилда 32,3 миллион тоннани ташкил этган.

 “Россия бизнеси Хитой иқтисодиётининг энергия ресурсларига бўлган ортиб бораётган талабини амалдаги лойиҳалар доирасида ҳам, ҳозирда мувофиқлаштирилаётган лойиҳалар доирасида ҳам қондиришга қодир”, - деган Путин. Ана шундай лойиҳалардан бири Мўғулистон ҳудуди орқали ўтадиган йилига 50 миллиард куб метр қувватга эга «Сила Сибири-2» газ қувуридир.

7 йилдан ортиқ муҳокама қилинаётган лойиҳа «деярли» ҳар томонлама келишилган, деди Путин. Шунингдек, “Хитойга гўшт, дон ва бошқа тоифадаги товарлар экспортини сезиларли даражада ошириш имкониятлари мавжуд”, деб қўшимча қилган у.

Кремль Украина билан урушни давом эттириш учун муҳим деб ҳисоблаган ёрдам эвазига Хитойга табиий ресурсларни таклиф қилмоқда, деб ёзади Financial Times Кремлдаги манба хабарига таяниб. Ўтган йили Россия Хитойга нефть экспортини қарийб 10 фоизга, кўмирни 21 фоизга, газни эса 1,5 баробарга ошириб, биринчи марта унинг энг йирик етказиб берувчисига айланди. Хитой бунга жавобан Россияга 4,8 миллиард долларлик электроника ва машиналарни жўнатиб, Ғарб компанияларининг ўрнини эгаллади.

Мантиқан бизнинг тўлиқ Хитойнинг ресурс колониясига айланаётганимизни кўрсатмоқда”, - дейди FT манбаси. – Бизнинг серверларимиз Huawei компаниясиники бўлади. Хитой газни “Сили Сибири” орқали олади. 2023 йил охирига келиб юань бизнинг асосий савдо валютамиз бўлади”.

Санкциялар Россия-Хитой муносабатларининг ассиметрик хусусиятини яна бир бор таъкидлади. “Россия энди кичик шерик бўлиб қолганини яшириш қийин", деб фикр билдиради Халқаро стратегик тадқиқотлар институти катта илмий ходими.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг