Bloomberg маълумотларига кўра, Россия армияси олдинга силжишда сезиларли муваффақиятга эриша олмаганидан кейин Кремль Украинага навбатдаги ҳужум режаларидан воз кечган.
Бунинг ўрнига, Россия расмийлари Украина қўшинларининг яқин келажакда бошланиши мумкин бўлган ҳужумини тўхтатишга эътибор қаратиш учун шартнома асосидаги аскарларни фаол равишда ёлламоқчи.
Агентлик манбаларига кўра, бир йил ичида Россияда 400 мингга яқин ҳарбий контрактчини жалб қилиш режалаштирилган. Бу мамлакатда «янги сафарбарлик тўлқинининг ва натижада аҳоли ўртасида норозилик пайдо бўлишининг олдини олишга» ёрдам беради.
Bloomberg хабарига кўра, губернаторлар аллақачон ҳарбийларни ёллаш квоталарини олган. Дастлабки босқичда ҳокимият тажрибали ҳарбий хизматчилар ва қишлоқ аҳолисини жалб қилишга интилади.
Аммо, Американинг RAND корпорацияси катта илмий ходими Дара Массикот бунчалик кўп жангчини йиғиб бўлмаслигига ишончи комил.
Bloomberg маълумотларига кўра, сафарбарликни оммавий равишда контрактчи аскарларни ёллаш билан алмаштириш қарори 2023 йил охирида Владимир Путиннинг президентлик кампанияси бошланиши билан боғлиқ.
Кремлнинг «сиёсий вазиятни қаттиқ назорат қилишига» қарамай, миллионлаб россияликларнинг уйига уруш олиб кирувчи сафарбарлик каби ҳаракат сайловларда «қақшатқич ғалаба»га эришишни мураккаблаштириши мумкин.
Бундан ташқари, деб ёзади Bloomberg, Путиннинг фикрича, агар Россия армияси яқин ойларда Украина қўшинларининг янги ҳужумларини қайтара олса, Европа давлатлари ва АҚШ томонидан Киевни қўллаб-қувватлаш заифлашади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!