Украина президенти Володимир Зеленский Япониянинг Yomiuri Shimbun нашрига берган интервюсида Украинанинг баҳорги қарши ҳужуми қуроллар ва ўқ-дори етишмовчилиги туфайли ортга сурилаётганини маълум қилди. Украина етакчисининг сўзларига кўра, юриш баҳорга мўлжалланганди, аммо ҳозирда Украина қуролли кучларига ўқ-дори ва қирувчи самолётлари етишмаяпти.
Япония нашри ёзишича, Германия ва бошқа мамлакатлар томонидан тақдим этилган танклар фронтга апрел ойида етиб келади. Зеленский улардан Россия мудофаа линиясини ёриб ўтишдан фойдаланиш режалаштирилгани ҳақида айтиб ўтди: «Танклар бизга Украинани деоккупация қилиш учун даркор».
Аммо, Украина президенти қайд этишича, армияда ўқ-дорилар билан боғлиқ вазият жуда оғирлигича қолмоқда. Унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар ҳар куни Украина қуролли кучларига қараганда қарийб уч баробар кўпроқ ўқ-дори қўлламоқда. «Биз ҳамкорларимиздан ўқ-дорилар келишини кутмоқдамиз. Ҳозирча бошлай олмаймиз», деди у ва яна бир бор АҚШ ва Европадаги ҳамкорларни ўқ-дориларни етказиб беришни тезлаштиришга чақирди.
У снарядлар ва ракеталарсиз юриш бошлаб бўлмаслигини таъкидлайди: «Биз ҳали юриш бошлай олмаймиз. Танкларсиз, артиллериясиз ва HIMARS тизимларисиз жасур жангчиларимизни фронтга юбора олмаймиз».
Ўтган ҳафтада Европанинг 17 давлати ва Норвегия Украина учун ўқ-дори ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича келишиб олди, унга кўра бир йил ичида Украинага бир миллион снаряд етказиб бериш ваъда қилинган.
Шанба куни эса Полшадаги ўқ-дори ишлаб чиқарувчи Dezamet компанияси Евроиттифоқнинг Украинани таъминлаш режаси доирасида ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада оширгани ҳақида эълон қилди.
Аммо бу режалар ҳам яқин келажакда вазиятни ўзгартириши даргумон – Украинага Ғарб мамлакатлари армияларининг ҳозирги захираларида турган ўқ-дорилар керак, чунки янги снарядларни ишлаб чиқариш кўп вақт олади.
«Армиямиз режаларини омма олдида муҳокама қилишнинг ҳожати йўқ»
Зеленскийнинг баёнотидан кейин Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр ОАВ ва фуқароларни Украина қуролли кучлари қарши ҳужумга тайёрланаётгани тўғрисида гапирмасликка чақирди. Унинг сўзларига кўра, Украина армиясининг Харкив областидаги қарши ҳужуми муваффақиятли чиқиши омилларидан бири ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига юриш ҳақида камдан кам маълумот берадиган ҳарбийлардан бошқаларнинг кириши тўсилгани учун ҳам бўлган.
Кузда Украина ўз ўқ-дориларни ишлаб чиқаришни бошлайди. Фото: Getty Images
«Эслатиб ўтаманки, бу давлатда фақат уч киши – Олий бош қўмондон (президент), мудофаа вазири ва бош қўмондон стратегик ҳарбий режаларни эълон қилиш ҳуқуқига эга. Қолганлар – фақат иқтибос келтириши мумкин. Эфирларда экспертларга қарши ҳужум нима бўлаётгани тўғрисида саволлар беришнинг ҳожати йўқ, бу мавзуда блог ва постлар ёзиш керак эмас, армиямиз ҳарбий режаларини очиқ муҳокама қилишнинг умуман ҳожати йўқ», дея ёзган Маляр телеграм каналида.
«Бизда битта стратегик режа бор – барча ҳудудларимизни озод этиш. Тафсилотлар эса – ҳарбий сир. Уларни фақат юқорида номлари келтирилган уч шахс - ҳарбий вазифа шундай бўлганида ошкор этиши мумкин. Маълумот ҳам қурол ва биз ҳам у билан уруш олиб борамиз», дея қўшимча қилган у.
BBC дипломатик мухбири Жеймс Лендейл Украина армиясининг баҳорги қарши ҳужуми ҳақида бир неча ҳафтадан буён гапирилаётганини қайд этади. Бундай имконият ҳақида Украина қуролли кучларининг юқори мартабали зобитлари, жумладан қуруқлик қўшинлари қўмондони Олександр Сирский ҳам айтиб ўтган.
Айрим таҳлилчиларнинг фикрича эса, украин ҳарбийлари бўлажак юриш ҳақида очиқ муҳокама қилишаётгани қисман душманнинг режаларини пучга чиқариш нияти билан боғлиқ. Агар РФ армияси ҳужумни кутган ҳолда, ўз ресурсларини бутун фронт бўйлаб тақсимлаб, асосий кучларни маълум нуқталарда, масалан, Бахмутда тўпламаса, бу Украина қуролли кучлари учун фойдали бўлади.
Бошқа экспертларнинг ҳисоблашича, Украина қўшини яқин вақтлар ичида чиндан ҳам ҳужумга ўтиши мумкин. Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) ўтган ҳафтада Россиянинг юриш суръати пасая бошлагани, бу эса Украинага «ташаббусни қўлга олиш ва фронтнинг критик секторларида қарши ҳужум бошлаш учун яхши имконият» беришини айтишганди.
Украина қуролли кучлари: россияликларнинг Бахмут атрофидаги юриши тўхтаб қолди
Россияда кучлар тугаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида Киев ҳақида ҳам айтишганди. Шанба куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний фронтнинг энг қайноқ участкаларидан бири бўлиб қолаётган Бахмут йўналишидаги мураккаб вазият «улкан саъй-ҳаракатлар» эвазига барқарорлаштирилгани ҳақида айтди.
![](/uploads/posts/2023-03/l3nmyl1vczxozt1ieoke5ax-nws_ncy3.jpg)
Буни британ разведкаси ҳам тасдиқлаган. Россиянинг Бахмутга юриши амалда тўхтаб қолган – ва бу катта эҳтимол билан, биринчи навбатда, Россия кучлари ҳаддан ортиқ ҳолдан тойганини кўрсатади, деб ҳисоблайди Буюк Британия мудофаа вазирлиги ҳарбий разведкасидагилар. Сирский ҳам шу кунларда шу ҳақида гапирганди.
«Россия мудофаа вазирлиги ва Бахмут учун жангларда фаол иштирок этаётган «Вагнер» ХҲК ўртасидаги кескинлик Москва учун вазиятни оғирлаштирди», дея ёзади Британия разведкаси. Британиядагилар ҳисоблашича, Россия урғуни Авдийивка йўналишига ва Креминна-Сватове линиясига қаратган.
Бу йўналишларда, британ разведкаси баҳоларига кўра, россиялик ҳарбийлар фронт чизиғини барқарорлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Идорадагиларнинг фикрича, буларнинг бари январ ойида бошланган юриш қилишга муваффақиятсиз уринишлардан сўнг Россия яна ҳимоялана бошлаганини кўрсатиши мумкин.
Bloomberg нашри ёзишича, энди россияликлар Россия ахборот маконида тобора кўпроқ гапирилаётган Украина қарши ҳужумини тўхтатишга эътибор қаратмоқчи.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)