Филип Мертенс уни гаровга олган айирмачилар қуршовида. Сурат 2023 йил 6 мартда чоп этилган
Фото: Reuters
Индонезия ҳукумати Янги Гвинея оролидаги Ғарбий Папуа провинцияси мустақиллиги учун курашаётган айирмачилар томонидан бир ярим ой олдин гаровга олинган янги зеландиялик учувчи Филип Мертенсни озод қилиш учун қуролли операция бошлади. Янги Зеландиянинг RNZ радиосига кўра, операция тахминан бир ҳафта олдин бошланган ва ҳозиргача ҳар икки томондан бир неча одам ҳалок бўлган.
Филип Мертенс — Янги Зеландиянинг Susi Air чартер авиакомпанияси учувчиси. 7 февраль куни у беш нафар ишчини янги касалхона қуриш учун оролнинг ички қисмидаги чекка ҳудудда жойлашган кичик Пару шаҳри аэропортига етказганди. Айирмачилар самолётни ёқиб юборишган, ундаги барча одамлар эса гаровга олинган. Бир неча кундан кейин ишчилар папуас аҳолисига мансуб бўлгани учун қўйиб юборилган. Мертенс гаровда қолган.
Кўп ўтмай айирмачилар Мертенснинг тириклигини тасдиқловчи фотосуратлар ва видеоларни чоп этди. Улар Индонезия расмийларидан Ғарбий Папуа мустақиллигини тан олишни талаб қилиб, акс ҳолда учувчини ўлдиришни ваъда қилди. Айрим видеоларда Мертенснинг ўзи қоғозда олдиндан тайёрланган матнни ўқиб, исёнчиларнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирган. Бунга жавобан Индонезия ҳукумати Ғарбий Папуа мамлакатнинг ажралмас қисми эканини эълон қилди.
Кейинчалик, расмийларнинг сўзларига кўра, айирмачилар Мертенсни қурол ва ўқ-дориларга алмаштиришга тайёр эканини эълон қилиб, баъзи талабларидан воз кечган — аммо бу ҳам ҳукумат томонидан рад этилган.
Индонезия ҳарбийлари Мертенснинг ўғирланишига йўл қўйганлик учун жавобгарликни зиммасига олишдан бош тортиб, улар Susi Air авиакомпаниясини Паруга учиш хавфсиз эмаслиги ҳақида огоҳлантирганини айтди (ваҳоланки, авиакомпания ҳукумат билан тузилган шартномалар асосида у ерда мунтазам рейсларни амалга ошириб келган). Шунга қарамай, учувчини қутқариш учун кенг кўламли операция бошланди. Исёнчиларнинг ёрдам олишига йўл қўймаслик учун минтақадан минглаб маҳаллий аҳоли эвакуация қилинган. Ҳарбийлар ёрдамга бошқа сепаратистик гуруҳлар келишининг олдини олиш учун уларга маълум бўлган йўлларни тўсиб қўйган.
28 март куни Янги Зеландиянинг RNZ радиоси Мертенсни озод қилиш бўйича операциянинг асосий босқичи 23 март куни бошлангани ҳақида хабар берди. Ҳарбийлар ва полиция бўлгинчилар қароргоҳига ҳужум қилиб, қуролли тўқнашувлар яна бир неча кун давом этган. Ҳозирча Филип Мертенсни қўйиб юборишмаган. У тирикми ёки йўқ, айнан ҳарбийлар жанг қилаётган ҳудуддами ёки бошқа жойда, номаълум.
Филип Мертенс, Янги Зеландия, Индонезия, Гаровга олиш “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг