15:56 / 03.04.2023
300

Россия Беларусда ядро қуролини Полша билан чегарада жойлаштиради

Фото: Сергей Карпухин / Reuters / Scanpix / LETA
Россия Беларусда тактик ядро қуролларини (ТЯҚ) Полша билан чегарада жойлаштиради - Россиянинг Минскдаги элчиси Борис Гризловнинг айтишича, ядро қуроли «Европа ва Америка Қўшма Штатларининг баёнотларига қарамай», Россия ва Беларус Иттифоқ давлатининг «ғарбий чегараларига кўчирилади». Бу ҳақда Беларуснинг БелТА давлат агентлиги хабар берди.

Борис Гризловнинг сўзларига кўра, Беларус ҳудудида тактик ядро қуролларини жойлаштириш учун омборхоналар 1 июлгача тайёр бўлиши керак.

25 март куни Россия президенти Владимир Путин Россия Федерациясининг ўз тактик ядро қуролини Беларус ҳудудида жойлаштириш нияти ҳақида маълум қилди. Беларус раҳбари Александр Лукашенко беларус халқи ва парламентига мурожаатида, агар керак бўлса, республикада стратегик ядро қуроллари жойлаштирилиши мумкинлигини инкор этмади.

Путин Беларусда рус тактик ядро қуролларини жойлаштириш учун махсус омбор қурилиши 1 июлда якунланиши кераклигини маълум қилди. Ўнта самолёт ушбу турдаги қуроллардан фойдаланишга тайёр, «Искандер» ташувчи комплекси топширилди, деди Путин. Унга кўра, экипаж машғулотлари 3 апрелдан бошланади.

Хитой ядро қуролига эга бўлган барча давлатлар уларни чет элда жойлаштирмасликлари, агар мавжуд бўлса, ядровий қуролларини бошқа давлатлардан олиб чиқиб кетишлари лозимлиги тарафдори. Бу ҳақда 31 март куни бутунжаҳон ташкилоти Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Хитойнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Генг Шуанг маълум қилди.

Хитой барча ядровий давлатларни 2022 йил январ декларацияси тамойилларига амал қилишга, ядро уруши хавфини камайтириш чораларини кўришга ва ядро қуролига эга давлатлар ўртасида ҳар қандай қуролли можаронинг олдини олишга чақирди. Гап бешта ядровий давлат – Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франция раҳбарларининг қўшма баёноти ҳақида бормоқда. Ҳужжатни имзолаган давлатлар «ядро урушида ғолиб бўлиши мумкин эмас ва унга ҳеч қачон йўл қўйилиши керак эмас», деб таъкидлаган, шунингдек, бу оммавий қирғин қуролларини бир-бирига ёки бошқа давлатга қаратмасликларини тасдиқлаган.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг