18:58 / 04.04.2023
648

Фронтдаги вазият: Бахмут — кимники?

Фото: T.ME/CONCORDGROUP_OFFICIAL

Пригожин Бахмут «юридик жиҳатдан эгаллангани» ҳақида айтди. Бу амалда нимани англатади? Шаҳар чиндан ҳам қуладими?

«Вагнер» ХҲК Бахмут шаҳри марказига кириб келган. Компания раҳбари Евгений Пригожин Россия ва ХҲК байроқларини шаҳар Радаси харобалари устига ўрнатган. Бу бино катта эҳтимол билан Украина қуролли кучлари чекинаётган вақтда портлатилган. Энди Россия кучлари шаҳар ҳудудининг тахминан 70 фоизини назорат қилмоқда. Аммо Украина қуролли кучлари ҳамон шаҳарнинг ғарбий қисмини ўз назоратида сақлаб турибди — бу таъминот йўлига туташган ҳудуддир. Агар украин армияси яқин ҳафталарда Бахмут атрофида қарши ҳужумга ўтмаса, шаҳар буткул бой берилиши мумкин.

Шаҳар марказига байроқлар ўрнатилган

«Вагнер» ХҲК март ойи ўрталарида шаҳар жанубида мудофаа чизиғини ёриб ўтган. Ёлланма жангчилар икки ҳафта давомида кўча жанглари орқали Бахмутка дарёсига параллел ҳаракатланиб, шаҳар марказига етиб келган (дарёнинг иккинчи томонида уларнинг артиллерия қисмлари жойлашган).

Шаҳар Радаси биноси харобалари (шунингдек, район маъмурий биноси)  айнан қачон эгаллангани маълум эмас.

2 апрел куни «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожиннинг матбуот хизмати ёлланма жангчилар Бахмутни эгаллагани ҳақида видеоёзув эълон қилди, видеода Россия ва ХҲК байроқлари кўтарилиши акс этган.

«Юридик жиҳатдан у бизники», деди Пригожин камера қаршисида ва эндиликда душман фақат «ғарбдаги кварталларда қолгани»ни айтди.

Видеода отишмалар овозлари эшитилмайди, бу шуни англатадики, эндиликда Украина қуролли кучлари позициялари маъмурият бинолари жойлашган кварталдан узоққа кетган.

Украина рад этди, ISW тасдиқлади

Украина қўмондонлиги сўнгги етти ой мобайнида Бахмутни штурм қилаётган Россия қўшини ва «Вагнер»нинг ёлланма гуруҳлари ҳали шаҳар устидан назорат ўрнатишдан жуда узоқдалигини маълум қилди.

Украинлар танки Бахмутда, 2 апрел. Фото: Getty Images

Украина қуролли кучлари Шарқий қўшинлар гуруҳи расмийси Сергей Череватийнинг сўзларига кўра, Пригожиннинг бу сафарги баёноти ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди ва Бахмут учун жанглар давом этмоқда.

«Улар қандайдир ҳожатхона устида байроқ кўтаришди. Номаълум жойга латтани илишди ва шаҳарни эгалладик дейишмоқда. Майли, улар шундай деб ўйлай қолсин», дея Череватийнинг сўзларини келтирган Reuters агентлиги.

«[Бахмут] шаҳар кенгаши атрофида жанглар кетмоқда, юридик маънода ҳали ҳеч қаер эгалланмаган. Бахмут - Украинаники, улар ҳеч нарсани қўлга киритмаган, юмшоқ қилиб айтганда, улар бундан ҳали анча йироқда», дея ишонтиради Череватий.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ҳам Пригожиннинг якшанба кунги баёноти ҳақиқатга мос келмаслигини айтган ва «аслида мавжуд бўлмаган "ғалаба"ни ўйлаб топаётганларнинг фейк хабарларига хотиржамлик билан муносабатда бўлиш»га чақирган.

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр ҳам шу руҳда гапирган ва Бахмут эгаллангани ҳақидаги хабарларни «кулгили сохталик» деб атади.

«ДХР» вакиллари ҳам бу видеоёзувга ишончсизлик билан муносабатда бўлган.

Донецк областининг босиб олинган қисмига Россия томонидан тайинланган Денис Пушилинга кўра, Украина қуролли кучлари Бахмутдан (Россия томони бу шаҳарни эски номи билан Артемовск деб атайди) олиб чиқилгани кузатилмаган.

«Ҳозиргача душман тегишли буйруқни олмаган, шунга кўра, Украина режими қўшини чекиниши ёки тартибли олиб чиқилиши кузатилаётгани йўқ», деган Пушилин «Россия-24» телеканали эфирида.

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский бир неча бор Украина қуролли кучлари Бахмутни ташлаб чиқмаслиги ва шаҳар учун охирига қадар кураш олиб боришини айтганди.

3 апрел куни кечқурун эса Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) фронтдаги вазият бўйича навбатдаги кунлик ҳисоботида «Вагнер» кучлари 2 апрелга ўтар кечаси Бахмутдаги маъмурий биноларни эгаллагани ҳақидаги хабарни тасдиқлади.

ISW маълумотларига кўра, 3 апрел куни Россия кучлари шаҳар маркази томон ҳаракатланишда давом этган. Бунга далил сифатида экспертлар Бахмут маъмурий бинолари харобалари устида «вагнерчилар» ва Россия байроқлари акс этгани кўринган кадрларга ҳавола қилган. Бундан ташқари, интернетда «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчиларидан бири маъмурият биноси атрофида бино вайрон қилинишидан олдин тушган фотосурати тарқалган.

Америкалик экспертлар ёзишича, Украина қуролли кучлари вакиллари ISW’нинг Бахмутда «вагнерчилар» билан бирга Россия мунтазам қўшинлари, жумладан ҳаво-десант кучлари фаол ҳаракатланаётгани ҳақидаги хулосаларини тасдиқламоқда.

Шаҳарни сақлаб қолиш мумкинми?

Бахмутдаги украин ҳарбийлари. Фото: Reuters

Шаҳар маркази штурми Украина қуролли кучларининг таъминот муаммолари оқибати бўлди. Март ойида Украина қўмондонлиги захираларни Бахмутни «катта ер» билан боғлайдиган тор йўлак орқали юбора бошлади. Натижада Украина қуролли кучлари шаҳар тўлиқ қуршовга олинишининг олдини олишга муваффақ бўлди: шимолда Хромово (Артемовское) ва жанубда Ивановское (Красное) атрофидаги позициялар сақлаб қолинди.

Аммо украинларнинг қўшимча кучлари «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчиларини Бахмутни 10 км ғарбдаги Часив Яр билан боғловчи йўл атрофидан бутунлай суриб ташлай олмади. Йўл ўққа тутилмоқда, йўл бўйлаб зарбага учраган ўнлаб машиналар ётибди ва уларнинг сони кундан кунга ошиб бормоқда.

Украина қўшимча кучлар ташлаганидан кейин «Вагнер» ХҲК асосий зарба йўналишини ўзгартирди: агар аввал улар шаҳарни шимол ва жанубдан айланиб ўтиб, қуршов ҳалқасини шаҳардан ғарбдаги тепаликларда ёпишга ҳаракат қилган бўлса, энди украинлар қўшимча кучлар ва захираларни шаҳарга етказишда катта қийинчиликка учраётганидан фойдаланган ҳолда тўғридан тўғри шаҳар ичкарисидаги биноларга ҳужум қилмоқда.

Натижада ёлланма кучлар шаҳар марказига нафақат жануб ва шарқдан, балки шимолдан ҳам кириб келишди. Катта эҳтимол билан бу Украина қўшинини марказни ташлаб чекинишга мажбур қилган.

«Вагнер» бўлинмалари шаҳарнинг шимоли-ғарбий ва жануби-ғарбий чеккаларида ҳам юришни давом эттириб, қуршовни шаҳарнинг ғарбий чегараларида эмас, шаҳар ичкарисидаги кварталларда ёпишга уринмоқда. Жануби-ғарбда улар Корсунский кўчасида тўхтатилган, шимоли-ғарбда эса улар сўнгги кунларда «Северний ставок» ҳовузи атрофидаги Поселок районидаги бир қанча кварталларни эгаллашган.
 
Фақат украинларнинг йирик қарши ҳужуми шаҳар босиб олинишининг олдини олиши мумкин. Ҳозирча эса Украина қуролли кучлари фақат локал қарши ҳужумлар уюштириш билан чекланмоқда — ва бу ҳаракатларнинг барчаси ҳам муваффақиятли чиқаётгани йўқ. Масалан, Украина қуролли кучлари гуруҳининг (катта эҳтимол билан, 30-механизациялашган бригада) Краматорск — Бахмут трассаси бўйлаб Миньковка атрофида режалаштирган юриши барбод бўлди: Россия кучлари артиллерияси бу ҳужумни бошланиш босқичидаёқ тўхтатди, Украина армияси шахсий таркиб ва техникаларидан айрилди («Вагнер» бу ҳужум қайтарилишининг дрон орқали олинган видеоларини намойиш этган).

Бошқа йўналишлардаги вазият

Бошқа деярли барча йўналишларда Россия юриши тўхтаб қолган. Кичик ўзгаришлар фақат Лиман йўналишида ва Авдийивкада бор (аммо бу ерда ҳам сўнгги кунларда россияликлар ҳужум қилмаяпти, аксинча украинлар қарши ҳужумга ўта бошлаган).

Катта эҳтимол билан Украина қуролли кучлари қўмондонлиги баҳорги юришини режалаштираётганида айнан Россия қўшинлари ҳолдан тойишини кўзлаган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қарши ҳужум яқин вақтлар ичида бошланади. Шу кунларда президент Володимир Зеленский ҳам «кейинги ҳафта ғалаба йўлидаги муҳим давр бўлиши»ни айтди.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг