Арманистон ва Озарбайжон чегарасида отишма содир бўлди. Томонларнинг Мудофаа вазирлиги ҳалок бўлганлар ва яраланганлар ҳақида хабар бермоқда. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Озарбайжон Мудофаа вазирлигига кўра, 11 апрель куни унинг Лочин йўналишидаги позициялари Арманистон Қуролли кучлари томонидан ўққа тутилган. Вазирлик чегарадаги вазиятни Арманистон томонининг провокацияси деб атамоқда.
“Белгиланган йўналишда жойлашган бўлинмаларимиз томонидан кўрилган зарур чора-тадбирлар натижасида қарши томон катта миқдорда талафот кўрди. Озарбайжон аскарлари орасида ҳам ҳалок бўлган ва яраланганлар бор”, — дейилади баёнотда.
Шунингдек, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон билан чегарада юқори кескинлик сақланиб қолаётгани, душман катта талафот кўраётгани ҳақида хабар берди. Қўшимча маълумотлар жамоатчиликка тақдим этилади.
Арманистон Мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, айнан озарбайжонлик ҳарбийлар Тех ҳудудида муҳандислик ишлари олиб бораётган арман аскарларига қарата ўт очганини маълум қилди. Вазирлик арман кучлари орасида йўқотишлар ва ярадорлар борлигини қайд этди, қарши томон миномётлардан фойдалангани айтилди.
Арман оммавий ахборот воситалари аллақачон отишма оқибатида Арманистон Қуролли кучлари махсус армияси корпуси қўмондони Армен Гёзалян яраланганини маълум қилган. Ижтимоий тармоқларда отишма жойидан видео эълон қилинган.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Арманистон Лочин йўналишида пиёда аскарлар ва оғир техникалар тўпламоқда. Арман ҳарбийлари Озарбайжон Қуролли кучларига қарши артиллерия ва дронлардан фойдаланишга уринаётгани айтилган. Арманистон парламенти Озарбайжон билан чегарадаги вазият кескинлашгани туфайли мажлисни тўхтатди.
Озарбайжон, Арманистон, Чегара, Отишма «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг