19:43 / 22.04.2023
182

Европада АҚШ раҳбарлигида Defender-23 ҳарбий машқлари бошланди

Европада АҚШ раҳбарлигида Defender-23 ҳарбий машқлари бошланди

Фото: AFP / Wojtek RADWANSKI

22 апрель куни Европада НАТО иттифоқчилари ва ҳамкорларининг кўп миллатли Defender-23 ҳарбий машғулотлари бошланди. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари Европа қўмондонлигига таяниб Interfax хабар берди.

22 апрелдан 23 июнгача давом этадиган машғулотлар Қўшма Штатлар ва НАТО иттифоқчилари ўртасидаги тайёргарлик ва ўзаро ҳамкорликни яхшилаш ҳамда Америка армиясининг Европадаги жанговар қудратини тезда оширишга қаратилган, деб таъкидлади қўмондонлик.

Машғулотларда НАТО ташкилотига аъзо 26 давлат ва ҳамкорлардан 9 мингга яқин америкалик ва 17 мингга яқин европалик аскар қатнашади.

«Икки ой давом этадиган машғулотлар АҚШ қуролли кучларини стратегик жойлаштириш, олдиндан Европада жойлаштирилган армия захираларидан фойдаланиш ва Европа иттифоқчилари ва ҳамкорлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган», деди Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингх.

Пентагон хабарига кўра, Европанинг 10 та давлати ҳудудида бўлиб ўтадиган Defender-23 машғулотлари «АҚШ Қуролли кучлари иттифоқчиларини қўллаб-қувватлаш ва таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида Европада жанговар қўшин ва техникаларни тезкор жойлаштириш қобилиятини намойиш этиш» учун мўлжалланган.

Шу мақсадда машғулотларда 7 мингга яқин АҚШ ҳарбий техникаси иштирок этмоқда. Бундан ташқари, Американинг Европадаги омборларида сақланаётган 13 мингга яқин ҳарбий техникасидан ҳам фойдаланилади.

Таҳлилчилар фикрига кўра, машғулотлар НАТО давлатларининг Россия чегаралари яқинидаги бошқа манёврлари қатори АҚШнинг Россияни тийиб туриш сиёсатига тўлиқ мос келади.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг