22:00 / 27.04.2023
441

Россиялик блогер Елена Блиновская чегарада қўлга олинди

Россиялик блогер Елена Блиновская чегарада қўлга олинди

Фото: Russian Look / Alamy / Vida Press

27 апрел куни россиялик блогер Елена Блиновская Смоленск областидан Беларусга ўтмоқчи бўлганида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинди. Россия тергов қўмитаси берган маълумотларга кўра, блогер катта миқдордаги пул ювиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда гумонланмоқда. Маълум қилинишича, у бюджетга 918 млн рубл солиқни тўламаган.

«Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи ўз бизнесидан топган даромадини кам қилиб кўрсатган. Блиновская 2019-2021 йилларда 918 млн рублдан ортиқ солиқни тўламаган. Ўз ҳисобидаги пулларни молиявий операциялар орқали легаллаштирган», дейилади тергов қўмитаси хабарида.

Блогернинг уйи ва офисида тинтув ўтказилган. Қўлга олинган пайтда Блиновскаяда бошқа давлатга учиб кетиш учун самолёт чипталари ҳам бўлган.

Маълумот учун, 28 апрел куни блогер Тошкент шаҳрида ўзининг навбатдаги бизнес-марафонини ўтказишни режалаштирганди ва чипталар сотуви йўлга қўйилганди. Чипталар нархи 1 млн сўмдан 8 млн 600 минг сўмгача сотилаётганди. Kun.uz мухбири ушбу ҳолатдан сўнг вазиятни аниқлаштириш учун марафон ташкилотчилари билан боғланди.

«Марафон номаълум муддатга қолдирилди ва чипталар сотуви тўхтатилди. Барча сотилган чипталарнинг пуллари эгаларига қайтарилади. Пулларни қайтариш яқин вақтлар ичида бошланади», дея изоҳ берди ташкилотчилардан бири.

Елена Блиновская Россияда блогер, телебошловчи ва психология ҳамда шахсий ривожланиш бўйича курслар ташкилотчиси сифатида танилган. Унинг Instagram'даги саҳифасида 5,3 миллиондан ортиқ кузатувчиси бор. Forbes маълумотларига кўра, Блиновскаянинг «истаклар марафони» аудиторияси 2020 йилда 100 минг кишини ташкил этган ва бу орқали блогер 330 млн рубл даромад қилган.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг