Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда айирмачилик уринишларига қарши кескин чоралар кўришини айтди. Унинг баёноти бир жуфт россиялик тарғиботчилар Шимолий Қозоғистонни «тарихий рус ерлари» деб атаганидан кейин янгради.
«Украинадаги вазият Қозоғистонда ҳам яққол акс этмоқда. У ерда руслар яшайдиган улкан ҳудудлар бор», деди Россиянинг «Комсомолская правда» нашри тарғиботчиси.
Шунда бошқа бир тарғиботчи «Украина сценарийси бўйича Қозоғистон ҳудудларини ўзлаштириш мумкинми?», деб сўради.
«Бу ерларга тарихий ҳуқуқимиз бор деб ҳисоблайман. Бу саноат ҳудуди. Булар ота-боболаримиз қурган шаҳарлар... Нега биз уларни Қозоғистонга совға қилдик?», деб жавоб берди ҳамкасби.
Шундан сўнг, президент Тўқаев россиялик тарғиботчиларни тилга олмай, «давлат миллатлараро, тил ва ижтимоий сабабларга кўра қўзғатиладиган барча провокацияларни қонун доирасида қатъий бостиришини» таъкидлади.
«Шу билан бирга, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз сўзи ва хатти-ҳаракати учун масъулиятни ҳис қилиши керак. Биз ҳис-туйғуларга берилмаслигимиз керак. Адоват ва нафратни кун тартибига олиб чиқмаслик керак. Бизга ахборот урушлари ва мафкуравий низолар керак эмас», деди Тўқаев.
Унинг фикрича, тарғиботчиларнинг «Қозоғистон билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Улар хорижда туриб жамиятга нифоқ уруғини сепмоқчи бўляпти».
«Биз масъулиятли фуқаролар сифатида радикализм, экстремизм ва сепаратизмнинг ҳар қандай кўринишларига қарши туришимиз керак. Хушмуомала, қаттиққўл ва бир вақтнинг ўзида адолатли бўлиш керак», деди у.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг